Билл Гейтс ва Ричард Брэнсон сунъий гўшт ишлаб чиқаришга фаол сармоя киритмоқда
Лаборотория шароитларида гўшт етиштириш тобора жозибали сармоя манбаига айланиб бормоқда. Ўтган ҳафта Tyson Foods корпорациясининг инвестицион бўлими Калифорниянинг анча танилиб улгурган Memphis Meats стартапининг миноритар акциялар пакетини қўлга киритди (ва сармоячига айланди). Memphis Meats лаборотория шароитларида ҳайвон ҳужайраларидан мол гўшти, товуқ гўшти ва ўрдак гўштини етиштириш билан шуғулланади, бунда тирик мол ёки парранда жараёнда умуман қатнашмайди. Шартнома натижасида Tyson компанияси Билл Гейтс ва Ричард Брэнсон каби таниқли сармоячиларга қўшилди.
Шартнома шартлари ошкор қилинмади. 2016 йилда Memphis Meats лабороторияда етиштирилган тефтелларни оммага намойиш этди, бироқ стартап ҳали ўз маҳсулотини даромадга олиб чиқиши керак. Ҳозир энг катта муаммо бундай гўштни ишлаб чиқариш баҳосида - унинг 1 килограмми 5300 доллар атрофида.
Бироқ Tyson каби йирик гўшт ишлаб чиқарувчи компания мол, товуқ ва ўрдак гўштидан бир йилда 30 миллиард доллар ишлаб топади ва у Memphis Meats'га қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам бериши мумкин. Стартап бош директори ва ҳаммуассиси Ума Валети Forbes'га шундай дейди: "Биз Tyson'га тенглашмоқчимиз. Биз учун асосий мақсад ишлаб чиқариш қийматини пасайтириш. Охир-оқибат бизнинг маҳсулотимиз оддий гўштдан арзонроқ бўлади". 2017 йилнинг августида Memphis Meats'га дунёдаги иккинчи энг йирик мол гўшти ишлаб чиқарувчи Cargill қишлоқ хўжалик конгломерати ҳам сармоя киритди. Шартнома суммаси эълон қилинмаган.
10 миллиард киши учун стейк
Валети оптимизмга тўла: "Шу вақт ичида биринчи марта гўшт ўрнини гўшт билан қоплаяпмиз, унинг ўрнини босувчи билан эмас. Бу бизнинг Tyson ва Cargill'даги ҳамкорларимизни илҳомлантиради, зеро уларнинг бизнеси айнан гўшт маҳсулотлари устига қурилган. Биз бунда катта салоҳият кўряпмиз: бутун дунёни мутлақо бошқача озиқлантирадиган кунлар келишига яқин қолди". Янги компания раҳбарининг ўзи 2005 йилда аспирантурадан кейин Миннесотадаги Майо клиникасида кардиология соҳасида тажриба орттирган кезларида жонивор иштирокисиз гўшт етиштириш ҳақида ўйлаган. Ўшанда у бир клиник тадқиқот давомида илдиз ҳужайралар ёрдамида юрак тўқималарининг муваффақиятли тикланишини кузатган.
Tyson муваффақиятли келажакни таъминлаш мақсадида ўзининг 150 миллион долларлик инвестицион фонди ёрдамида узоқ муддатли инвестицияларни амалга оширмоқда. Memphis Meats, ўз навбатида, 2050 йилга бориб бутун дунё бўйлаб 10 миллиард кишининг талабини қондириш учун глобал миқёсда оқсил синтези кўламини ошириш йўлини топишга ҳаракат қилмоқда. Валетининг фикрича, яқин 30 йилда гўштга бўлган талаб икки бараварга ошади.
Tyson компаниясининг инвестицион бўлими раҳбари Жастин Уитмор Forbes'га шундай дейди: "Озиқ-овқат маҳсулоти, хусусан оқсилли маҳсулотни ишлаб чиқишда қандайдир ўзгаришлар бўлса, Tyson Foods бунга тайёр".
Tyson билан шартнома арафасида стартап камида 22 миллион доллар сармоя жалб қилишнинг уддасидан чиққани ҳақида маълум қилди.
Memphis Meats корпорация учун гўштли таом муқобилини ишлаб чиқариш соҳасида иккинчи сармоя киритиш манбаи бўлди. Tyson инвестицион бўлимига 2016 йилда асос солинган, ўшанда корпорация 13 миллион долларга ўсимлик оқсили асосида бургерлар тайёрловчи ва супермаркетлар орқали уларнинг сотувини амалга оширувчи Beyond Meat стартапининг 5 фоизи ва ресторанлардаги Sysco дистрибьюторини қўлга киритганди. Айни дамда молиявий ҳолати 92 миллиард долларга баҳоланувчи ва Memphis Meats'га сармоя киритувчи Билл Гейтс Beyond Meat компаниясини ҳам ўз тасарруфига олган. Компания ҳозирда 300 миллион долларга баҳоланмоқда.
Forbes баҳоларига кўра, бугунги кунда Tyson Foods директорлар кенгаши раисининг молиявий ҳолати 2,5 миллиард долларни ташкил қилади.
Мавзуга оид
23:20 / 03.10.2024
Билл Гейтс сунъий интеллект олдидаги учта асосий қўрқувини айтди
10:17 / 01.12.2023
Билл Гейтсдан йил якунида 3 та китоб – миллиардер қандай китоблар тавсия қилди?
23:05 / 24.11.2023
Сунъий интеллект туфайли инсоният уч кунлик иш ҳафтасига ўтади – Билл Гейтс
12:21 / 15.06.2023