«Ўзнефтмаҳсулот» компанияси импорт хом-ашёсидан ишлаб чиқарилган бензин нархини навбатдаги марта оширди. АИ-95 литри қарийб 11 фоизга қимматлашди – бир литр учун 7200 сўмгача, деб ёзади Autostrada.uz.

Аввалроқ, 2017 йилнинг ноябрида нефть маҳсулотлари бозорини ислоҳ қилиш ва либераллаштириш амалга оширилди ҳамда АИ-95 бир литр учун деярли икки баробарга ошди - 6500 сўмгача.

Бозорни либераллаштириш жараёнида юридик шахслар биржа савдоларида ёнилғи сотиш ва сотиб олиш имкониятига эга бўлишди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон корхоналари 2020 йил 1 январга қадар мулкчилик шакли ва фойдаланиш мақсадидан қатъи назар, углеводород хом ашёси импорти учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилди.

Қўшимча тарзда, «Ўзнефтмаҳсулот» АЖ корхоналари ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун ажратилган маблағларнинг мақсадли йўналиши билан даромад солиғини тўлаш бўйича имтиёзлар олди.

Давлат бозорни тўлдириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун шароит яратди. Регулятив таъсир камайтирилди ва бензинни «тижорат» нархларида сотишга рухсат берилди.

«Ўзнефтмаҳсулот» АЖ оширилишга шундай изоҳ берган: «Айни пайтда реал нархлар ошиб кетди, маҳсулот таннархи қимматлашди, бу жаҳон бозоридаги нархларга боғлиқ».

Мақола тайёрланаётган пайтда Brent маркали нефть баррели апрелда етказиб берилиши билан билан 64,5 доллар турибди. Ўтган йилнинг ноябрь-декабрида ҳам худди шу даражада (баррель учун 62-65 доллар) нарх бўлган.

Январь ойида нефть фьючерслари қисқа муддат давомида бир баррель учун 70 доллардан ошди.

Демак, январь ойида нефть нархи 7,5 фоизга ошгани туфайли Ўзбекистонда АИ-95 нархи 11 фоизга ошди. Шундай қилиб нархларга нафақат нефть фьючерсларининг ўзгарувчанлиги, балки компаниянинг ошкор этмаётган бошқа омиллари ҳам таъсир кўрсатган.

Аввалроқ, иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев бензин нархининг ўсиши соҳадаги йўқотишлар туфайли юз берганини тан олганди.

Эслатиб ўтамиз, соҳа ислоҳоти давомида автомобиль бензини ва бошқа турдаги ёқилғига бўлган талабларнинг умумий техник регламенти қабул қилинди. Бу Ўзбекистонда бензин янги сифат стандартларига мос келишига олиб келади.

Нефть нархларининг тузатилиши туфайли бензин нархи пасайиши кутиладими? Бозор нархи ўзининг шаффофлиги билан яхши, чунки ҳар бир шахс ишлаб чиқарувчидан сўраши мумкин: «хомашё арзонлашаётган бўлса, нарх қандай асосда ошмоқда?»