NASA портатив ҳожатхона билан жиҳозланган янги скафандр ишлаб чиқмоқда
NASA мутахассислари космик скафандрнинг янги моделини ишлаб чиқишмоқда, у ҳаёт фаолияти чиқиндиларини йўқотиш тизими билан жиҳозланади. Space.com нашрининг хабар беришича, бундай тизим “Аполлон” дастури доирасида Ойга экспедицияларда ишлатилган скафандрларда қўлланган.
“Orion экипажи ҳаёт фаолиятини таъминлаш учун костюм” номини олган янги скафандр Американинг Orion янги космик кемасида Ойга парвозлар вақтида ишлатилиши мумкин. У шундай лойиҳалаштирилмоқдаки, экипаж кабина герметиклиги бузилганда ҳам олти сутка давомида скафандрларда ишлашни давом эттира олади.
“Бу анча узоқ вақтдир, - дея маълум қилди скафандр ички тизимларини ишлаб чиқиш дастури раҳбари Кирстин Жонсон. – Бу муддат давомида скафандрда бўлиш, айниқса бунда ёнингда ҳаёт фаолияти чиқиндилари бўлса, осон иш эмас”.
Ҳозирда америкалик астронавтлар икки турдаги скафандрдан фойдаланади – биттаси стартда кийилади, иккинчиси эса – очиқ коинотга чиқилганида. Ҳар икки скафандр “намликни максимал даражада ўзига тортиб олувчи воситалар” билан жиҳозланган. Астронавтлар уларда тўққиз соатгача қолиши мумкин.