Бугун Самарқандда вилоят ҳокимилиги ва вилоятдаги идоралар ҳамда ташкилотлар ташаббуси билан бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги 461 та турли корхона ва ташкилотлар 2368 та бўш ишчи ўринларини таклиф этишди.

Айни пайтда вилоятда иш билан банд бўлмаганлар сони 93 минг нафарни ташкил этмоқда. Бандликка кўмаклашиш марказларига 4 мингдан зиёд фуқаролар иш сўраб мурожаат қилишган. 32 минг нафар фуқаро чет эллардан қайтиб келишган. Кам таъминланган оилалар сони 15.447 тани ташкил этмоқда. 2016/17 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини битириб, ҳозирча иш тополмай турган ёшлар 7600 нафардир.

Тадбирни очар экан, вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ушбу тадбир Президентимизнинг 22 декабрда Олий Мажлисга қилган мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда, «Аҳоли бандлигини таъминлашда — тадбиркор ўрни беқиёс» шиори остида ўтаётганини таъкидлаб ўтди. Қолаверса, 16 февраль куни Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи чоғида тадбиркорликни рағбатлантириш орқали ишсизликни камайтириш лозимлигини таъкидлаганини эслатиб ўтди. Ярмаркага ташриф буюрганларга омад тилади.

Ярмаркада сўз олган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича давлат вакили — бизнес омбудсман Дилмурод Қосимов ҳам иштирок этиб, қатнашчиларга муваффақиятлар тилади.

Халқаро пресс клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев ҳам сўзга чиқиб, ислоҳотлар натижасида яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз очди. Самарқандни Ўзбекистоннинг туризм пойтахти бўлаётганига урғу бериб, ушбу йўналишда ҳам янги лойиҳалар ва ишчи ўринлари яратишга эътибор қаратилиши кераклиги ҳақида гапирди. Ишсизлик кам бўлган жойда терроризм, экстремизм каби иллатлар палак отмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ярмаркада вилоят ҳокими ва меҳмонлар кам таъминланган оилаларга газ плиталари ва суюлтирилган газ баллонларини топширишди. Шунингдек, янги лойиҳаларни бошлаётган ишбилармонларга вилоятдаги тижорат банклари томонидан кредит сертификатлари тақдим этилди.

— Бугун бу ерда айрим кам таъминланган фуқароларга плита ва газ балон берилди. Умуман, вилоятимизда узоқ, табиий газ билан таъминланмаган ҳудудларда яшовчи 543 та кам таъминланган оилаларга газ плиталари ва баллонлари берилди. 255 нафар ногиронлиги бўлган шахслар тикув машиналари ва шунга яраша иш билан таъминландилар, — деди биз билан суҳбатда вилоят ҳокими Т.Жўраев. — Ногиронлиги бўлган шахслар вилоятдаги корхоналарда мавжуд иш ўринларининг 10 фоизи миқдорида квоталанган иш ўринлари билан таъминланмоқда.