Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 февраль куни видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда хорижий туристлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик хизматларини яхшилаш ва турларини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар натижадорлиги танқидий таҳлил қилинди.

Президент матбуот хизмати хабарида мамлакат туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўла туриб, узоқ йиллар бу имкониятдан тўлиқ ва самарали фойдаланилмагани, туризм ривожи учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилмагани, ҳамма ўз билганича фаолият юритиб келгани қайд этиб ўтилган.

Давлат раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ сайёҳлик мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида белгиланди. Президентнинг 2017 йил 16 августидаги қарори билан 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Жорий йил февраль ойининг ўзида Президентнинг шу соҳага доир 4та муҳим фармон ва қарори қабул қилингани ҳукуматнинг туризм ривожига юксак эътиборидан далолат бўлди. Ушбу қарорлар билан соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, туризм салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди, ички туризмни янада ривожлантиришга кўплаб имтиёзлар, енгилликлар берилди.

Шавкат Мирзиёев туризмнинг иқтисодиётдаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, мамлакатимизда бу борадаги аҳвол ва соҳани ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигини бирма-бир таҳлил қилди.

Туризмни ривожлантириш қўмитаси ва унинг минтақавий тузилмалари штат бирликлари оширилгани, ҳудудларда туризм департаментлари ва бошқармалари, ҳоким ўринбосарлари лавозимлари ташкил этилгани мазкур ташкилотларнинг имкониятларини кенгайтирди.

Жорий йилнинг 10 февралидан бошлаб, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Малайзия, Индонезия, Туркия ва Исроилдан келаётган туристларга мамлакатимизда 30 кунгача визасиз бўлишга рухсат берилди. Бундан ташқари, 39 мамлакат фуқароларига виза бериш тартиби соддалаштирилди. 2018 йил 1 июлдан электрон визалар жорий қилинади.

Йиғилишда электрон виза тизимини белгиланган муддатда тўлиқ ишга тушириш, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда бу тизимни янада соддалаштириш ва хорижий туристлар келиши тартибини мунтазам енгиллаштириб бориш бўйича топшириқлар берилди.

Туристлар мамлакатимизга келгандан сўнг яшаш жойи бўйича 3 кун ичида рўйхатдан ўтиши зарурлиги уларга ноқулайлик туғдираётгани қайд этилди. Сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.