1998-2000 йилларда Ислом Каримовнинг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган ва у кишини яхши таниган Нарзулла Жўраев биринчи президентни хотирлади. Facebook'нинг Ислом Каримов фонди саҳифасида у Ислом Каримовни бошқа давлат раҳбарларидан ажратиб турадиган хусусиятларига тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, биринчи президент билан музокарага киришадиган одам олдиндан тайёрланиб бирор нарсага эриша олмасди. Ислом Каримовда прогнозлар салоҳияти шу қадар кучли эдики, муайян жараёнларнинг бориши натижасини олдиндан кўра билар эди. Дунё воқеаларини ҳам, мамлакатнинг ички ҳаётидаги ислоҳотлар жараёнларини ҳам бевосита олдиндан пайқар эди ва прогноз қила оларди. У ана шу фазилати билан бошқа давлатлар раҳбарларидан фарқ қиларди. 

"Масалан, 1995 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Ашхобод саммити бўлди. Бу саммитни Туркманистон раҳбари Сафармурод Ниёзов бошқарарди. Эндигина мустақил бўлганимизга 4 йил бўлган Озарбойжон, Марказий Осиё давлатлари - ёш давлатлар раҳбарлари иштирок этаётган саммитда ном чиқарган давлатлардан Эрон билан Туркия раҳбарлари ҳам иштирок этишган. Уларда гўёки катта оғалар сингари бошқа республикаларга раҳнамолик қилиш, уларнинг қандайдир кўрсатмалари асосида яшашимиз керак қабилидаги ўзаро манфаатлар рақобати пайдо бўлганди ва икки давлат раҳбари сиёсий таъсир ўтказиш ҳамда сиёсий имиж борасидаги ўзаро курашлар давом этаётганида бирданига Ислом Абдуғаниевич "Бир оғиз гапирсам, майлими?" деган ва, албатта, унга сўз берилган. 

"Бу ерда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти давлатлари раҳбарлари тўпландик. Демак, биз фақат иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишимиз керак ва ана шу ҳамкорлик доирасида ижтимоий-маданий ҳамкорлигимизни йўлга қўйишимиз керак, деб ўйлайман. Агар бизнинг учрашувимизга кимдир сиёсий тус бериб, аллақандай сиёсий имижлар, сиёсий рейтингларни даъво қиладиган бўлса, бутун масъулиятни зиммамга олиб айтаманки, Ўзбекистон делегацияси зални тарк этади". 

Бу жуда катта жасорат эди. Бу ҳар қандай давлат раҳбари айтишга жазм қилавермайдиган гап эди. Ислом Каримовнинг ана шундай фавқулодда жўшқинлик қудратини намойиш қила оладиган имкони бор эди. У киши адолат тарафдори эди".