Жаҳон | 15:13 / 03.03.2018
8963
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг куёви компанияси Қатардан сармоялар сўраган

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер оиласига қарашли риэлторлик компанияси Қатар Молия вазирлигига 2017 йилда сармоялар сўраб мурожаат қилган. Бу ҳақда The Intercept нашри манбаларга асосан хабар бермоқда.

Манбалар маълумотига кўра, Жаред Кушнернинг отаси, Kushner Companies компанияси бошқарувчиси Чарльз Қатар молия вазири Али Шариф ал-Имодий билан 2017 йил апрелида учрашган. Бу Қатарнинг иқтисодий блокадаси бошланишидан бир неча ҳафта аввал рўй берган. Хабар берилишича, учрашувда Чарльз Кушнер ал-Имодийга Нью-Йоркдаги Бешинчи авеню, 666 манзили бўйича жойлашган қурилишга сармоя йўналтириш таклифи билан чиққан.

Манбаларнинг қайд этишича, учрашув тахминан ярим соат давом этган ва унда ҳар икки томондан маслаҳатчи қатнашган.

Нашрдан таъкидланишича, Чарльз Кушнер аввал ҳам қатарлик манбалардан сармоялар олган, бироқ бундан олдин у Қатар молия вазири билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боргани ҳақида хабарлар пайдо бўлмаган.

Kushner Companies вакилининг маълум қилишича, компания айни дамда «қандайдир хорижий фондлар билан бизнесга эга эмас».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид