Жаҳон | 00:00 / 15.03.2018
21862
3 дақиқада ўқилади

MH-17’ни Украина уриб туширганини айтган диспетчер гувоҳлик роли учун руслардан пул олиб турганини тан олди

Фото: Reuters

2014 йил 17 июль куни @spainbuca твиттерида, Украина осмонида уриб туширилган, Малайзияга тегишли бўлган MH-17 авиарейси ҳақида хабар пайдо бўлганди.

Ўзини Киевнинг «Борисполь» аэропортида ишловчи, испаниялик диспетчер деб таништирган шахс самолёт йўқолиб қолишидан олдин, уни Украина ҳарбий самолётлари таъқиб қилгани ҳақида ёзди.

«Boeing 777 самолёти радарлардан йўқолиб қолишидан олдин, Украинанинг иккита қирувчи самолёти уни кузатиб келган» - дейилади твитда.

Шундан сўнг, Россиянинг RT телеканали @spainbuca твити ҳақидаги хабарни ва унинг эгаси «аксил-украина» фикрлари туфайли, таъқиб қилинаётгани ва ҳатто, мамлакатдан чиқариб юборилаётгани ҳақидаги хабарни эълон қилди. Бу янгилик тез орада «Звезда», «Вести» телеканаллари ва ТАСС ахборот агентлиги орқали тарқатилди.

Кейинчалик, @spainbuca твиттер саҳифаси йўқолиб қолди. 2014 йил охирида эса ижтимоий тармоқ ўқувчилари бу саҳифани «Людмила Лопатишкина» исми остида пайдо бўлганини сезиб қолишди. Саҳифа эгаси тинмасдан россияпараст твитларни тарқатиш билан шуғулланди. Бу эса саҳифани робот юритаётганидан дарак берарди. Бироз вақт ўтгач, Твиттер маъмурияти саҳифани ёпиб қўйди.

«Озодлик Радиоси» журналистлари унинг RT телеканалида намойиш қилинган фотосурати асосида, кимлигини аниқлашга муваффақ бўлишди. Бу шахс 2010 йилда Испанияда, 2013 йилда Руминияда фирибгарлик учун судланган Хосе Карлос Барриос Санчес (Jose Carlos Barrios Sanchez) бўлиб чиқди. Бу саналар орасидаги муддат давомида у Европада қидирувга берилгани аниқланди.

Фото: Хосе Карлос Барриос Санчес

Санчес @spainbuca твиттерини юритганини тан олди. Шунингдек, у маълум вақт давомида RT телеканалидан пул олгани, эвазига эса унга берилган кўрсатма асосида, твитларни жойлаштирганини айтди. Санчес сўзларига кўра, у телеканалдан тахминан 48 минг доллар олган. RT вакиллари бу гапларни инкор қилмоқда.

Испаниялик ўзига нисбатан тазйиқ бўлаётгани ва баъзи ташкилотлар ва шахслар унга зарар етказмоқчи эканини маълум қилди. Аммо уларнинг исмини ошкор қилишни истамади. Шундан сўнг, бу маълумотлар учун журналистлардан пул талаб қилди. Рад жавобини олгач, умуман алоқага чиқмай қўйди.

Эслатиб ўтамиз, MH-17 рейси ҳалокати 2014 йил 17 июль куни юз берган. Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилаётган Малайзия ҳаво йўллари самолётининг ҳалокатида 298 нафар инсон нобуд бўлди. Мустақил тергов натижаларига кўра, самолёт «БУК-М» ракета тизими ёрдамида уриб туширилгани аниқланди. Бу ускуна Россия томонидан Донбассдаги айирмачиларга етказиб берилган.

Мавзуга оид