Жаҳон | 08:50 / 16.03.2018
6907
2 дақиқада ўқилади

Ироқда АҚШ ҳарбий вертолёти фалокатга учради

Фото: AP Photo / Brennan Linsley

ИШИДга қарши курашувчи АҚШ бошчилигидаги коалиция Ироқ ғарбида АҚШнинг ҳарбий вертолёти қулаганини тасдиқлади.

Аввалроқ CNN телеканали АҚШ қўмондонлигига иқтибос келтирган ҳолда, АҚШ ҳарбий вертолёти Ироқнинг Сурия билан чегарасида қулаганини маълум қилган. Вертолёт бортида 7 киши бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, HH-60 Black Hawk туридаги вертолёт уриб туширилмаган.

“АҚШ ҳарбий вертолёти америкалик ҳарбийлар билан Ироқ ғарбида фалокатга учради. Қутқарувчилар жамоалари фалокат жойига йўл олмоқдалар. Воқеа сабабини аниқлаш учун тергов бошланади”, деб айтилган коалиция матбуот хизматида. 

HH-60 Black Hawk вертолёти АҚШнинг кўп мақсадли Black Hawk вертолётининг модификацияларидан бири бўлиб, ҳарбийларни эвакуация қилиш учун ишлаб чиқилган.

ABC телеканали маълумотларига кўра, бу 2014 йилда ИШИДга қарши амалиёт бошланган вақтдан бери АҚШ вертолётининг Ироқда илк фалокатга учрашидир.

Айни вақтда Ироқда 5,2 мингга яқин америкалик ҳарбий бор бўлиб, улар асосан Ироқ армияси ва хавфсизлик кучларига террорчиларга қарши курашда ёрдам кўрсатадилар.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид