00:48 / 20.03.2018
50867

«Сирли мижоз» ташрифидан сўнг 6 нафар давлат хизматлари маркази ходимлари лавозимларидан озод этилди

Президентнинг 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Давлат хизматлари марказларининг асосий вазифаларидан бири этиб, мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик белгиланган.

Ушбу йўналишда ишлар қандай йўлга қўйилганлигини аниқлаш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги масъул ходимлари томонидан Фарғона вилоятининг туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари фаолияти «Сирли мижоз» тамойили асосида ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда Агентлик ходими Kun.uz'га маълум қилди. 

Маълум қилинишича, ўз хизмат вазифасига нолойиқ хатти-ҳаракатлар содир этган, касбига масъулиятсизлик билан ёндашган ва «Сирли мижоз» сифатида мурожаат қилган тадбиркорлик субъектларини асоссиз равишда бошқа ташкилотларга юбориб, уларнинг мурожаатларини сансалорликка солиш каби ҳолатларга йўл қўйган 1 нафар давлат хизматлари маркази раҳбари ва 5 нафар ходимлари билан меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Шунингдек, 5 нафар марказ раҳбарларига интизомий жазо чоралари қўлланилди ҳамда ҳудудий бошқарма раҳбариятидан тегишли тушунтиришлар олиниб, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилса шахсий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилди.

Маълумот учун, фуқароларга давлат хизматлари кўрсатувчи ходимларнинг ўз ишига қанчалик ҳалол ва виждонан ёндашаётганини аниқлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари агентлиги томонидан мунтазам равишда «Сирли мижоз» тадбирини республикамизнинг барча ҳудудларида доимий равишда ўтказиш кенг йўлга қўйилган.

Бундай ҳолатга дуч келганингизда Адлия вазирлиги қисқа рақамли 1008 «Ишонч телефони»га мурожаат қилишингизни сўрайди.

Top