Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” томонидан эълон қилинган.

Ҳужжатда қайд этилишича, ўсимликлар карантини соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро нормалар ва қоидаларга мувофиқлаштириш юзасидан фаол ишлар олиб борилмаяпти, бунинг натижасида хорижий ҳамкорлар томонидан маҳаллий маҳсулотларнинг ўрнатилган стандартларга мувофиқ эмаслиги ўз давлатларининг бозорларига олиб кирилишини рад этиш ҳолатлари қайд этилмоқда ҳамда чет элдан молиявий ва грант маблағларини жалб этиш жараёни мураккаблашмоқда.

Республика минтақаларида ҳозирги кунга қадар экспортга жўнатиладиган ҳамда карантин зараркунандалари, ўсимликлар касалликлари, бегона ўтлар ташувчиси бўлиши мумкин бўлган чет давлатлардан олиб кириладиган уруғлар, ўсимликлар, ўсимлик маҳсулотлари ва бошқа материалларни карантин текшируви ва экспертизадан ўтказиш бўйича лабораториялар мавжуд эмас. Ўсимликлар карантини соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас, бунинг натижасида мутахассисларнинг касбий маҳоратлари, уларнинг ушбу соҳадаги иш кўникмалари оширилиши таъминланмаяпти.

Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати бўлинмаларининг заиф моддий-техника таъминоти, улардаги ходимлар, айниқса, жойларда ишловчиларнинг карантин тадбирларини ўтказиш учун зарур ускуналар билан таъминланмагани ҳамда уларнинг молиявий ва ижтимоий таъминоти етарли даражада бўлмаганлиги ўзларига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни самарали ва сифатли бажариш имконини бермайди.

Қарор билан ўсимликлар карантини соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи идоралараро ишчи гуруҳ тузилсин ва унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқланди.

Қуйидагилар идоралараро ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ўсимликлар карантини соҳасидаги ишлар ҳолатини комплекс ўрганиш;

Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини соҳасидаги халқаро шартномаларга, шу жумладан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро Конвенцияга (Рим, 1951 йил) қўшилиши бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ўсимликлар карантини соҳасидаги барча халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;