Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида жойлашган, соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган Хўжа Илғор қишлоғида саркарданинг таваллуд айёмига бағишланган ишлар қизғин олиб борилмоқда.

Айни пайтда 6 гектарлик «Амир Темур» боғи барпо этилмоқда. Келгусида ушбу боғнинг бир қисмида Амир Темур музейи ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.

Боғнинг бир қисмида майдон ясалмоқда, ўтовлар тикланмоқда. Бу ерда 9 апрель куни Амир Темур таваллудига бағишланган телемарафон бўлиб ўтади. Бутун Ўзбекистондан санъаткорлар келиши, халқ сайли бўлиб ўтиши кутилмоқда. Қайд этиб ўтиш жоизки, соҳибқирон Амир Темур таваллуди илк бор бундай эътибор билан, у туғилган қишлоқда ташкиллаштирилмоқда.

Яккабоғ туман ҳокими Жаҳонгир Бобоевнинг ҳикоя қилишича, Амир Темур Соҳибқирон таваллуди аввал бошдан мунажжимлар томонидан башорат қилинади ва Кеш яқинидаги қишлоқларда барча ҳомиладор оналар мўғуллар томонидан қиличдан ўтказила бошланади. Ривоятларга кўра, Кеш хонлиги каллакесарлари кела бошлагач, соҳибқироннинг волидаси Текина-хотин Хўжа Илғор қишлоғи четидаги қамишзор ичига яширинади ва Амир Темур шу ердаги қудуқ яқинида туғилади.

«Шу қудуқ япониялик археологлар томонидан қадимий хариталарга кўра ахтариб топилган ва 1994 йилда ёдгорлик ўрнатилган. Ўша қудуқни тикладик. Ундаги сув шифобахш. Унинг таркибида инсон организми учун фойдали 17 хилдаги элементлар, жумладан, радон борлиги аниқланди», — дейди. Ж.Бобоев.

Қишлоқда милодий 711 йилда вафот этган ва халқ ўртасида Хўжа Илғор номи билан танилган Хўжа Муҳаммад ибн ал-Қосимнинг ҳам мақбараси жойлашган. Мақбара 2004 йили таъмирланган.

Мақбара пойида «Чиллабулоқ» номи билан машҳур чашмага кўзингиз тушиши мумкин. Айтишларича, Хўжа Илғор жангда оғир яралангач, «мени туямга ортинглар ва у қаерда тўхтаса, ўша ерда дафн қилинглар», деб васият қилади. У кишининг туяси шу қишлоққа келиб тўхтагач, уни ювиш учун сув зарур бўлади. Шунда уни қиличини ерга санчишади ва ушбу булоқ ҳосил бўлади, дейилар экан ривоятларда.