Амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳотлар мунозаралар учун очиқ бўлгани яхши. Жумладан, солиқ соҳасидаги кутилаётган ўзгаришларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига, энг муҳими, оддий фуқароларнинг ижтимоий аҳволига қай даражада таъсир қилишини ўрганиш, тушунишга ҳаракат қилиш ҳам жуда долзарбдир.

Мисол учун, иш ҳақидан тўланадиган солиқлар ва ажратмаларнинг мазмуни ва хажмидаги ўзгаришларни олайлик. Очиғини айтиш керак, бу борада жуда кўп гаплар айтилиб, якунда ҳаммаси иш берувчи ва ишловчилар бўйнидаги солиқ юкини камайтиришга қаратилгани иддао қилинса-да, ҳисоб-китоблар бироз умумий тақдим этилмоқда. Бунинг сабаби ҳам тушунарли, биз ҳозир "эски" деб атаётган жорий тизимда иш ҳақидан солиқ ва ушланмаларни ҳисоблаш ўта мураккаб ва бир қарашда янги тизим билан солиштириш қийин. Келинг, шу иш билан шуғулланиб кўрамиз. Агар ҳеч бўлмаса 4-синфгача математикадан яхши ўқиган бўлсангиз, мени тушунишингиз осон кечади.

ИШ ҲАҚИДАН АЖРАТМАЛАР ҚАНДАЙ УШЛАБ ҚОЛИНАДИ?

Иш ҳақидан даромад солиғи қўйидаги тўрт шкала бўйича ушлаб қолинади.

Бу шкалани тушунишда бир чалкашлик мавжуд - энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан юқори ойликлар учун 22.5 фоиз ушланади, дейилганда, бу фоиз ўша ойликнинг ҳаммаси эмас, ўн баробардан ошган қисмига қўлланилади холос. Яъни 1 800 000 сўм ойликдан (энг кам иш ҳақининг ўн баробари - 1 722 400) фақат 77 600 сўм (1800 000 - 1722400) қисмидан 22.5 фоиз даромад солиғи ҳисобланади, қолган қисмларидан кўрсатилган тегишли фоизларда ушлаб қолинади.

Қолган 1 722 400 сўм ойликдан қўйидагича даромад солиғи олинади:

Бир бараваргача - 172 240 сўмдан 0 фоиз = 0 сўм;

1 баравардан 5 бараваргача - 861 200 - 172 240 = 688 960 сўмдан 7.5 фоиз = 51 672 сўм;

5 баравардан 10 бараваргача - 1 722 400 - 861 200 = 861 200 сўмдан 16.5 фоиз = 142 098 сўм.

Демак, 1 722 400 сўм маошдан жами 193 770 сўм даромад солиғи ушланади. Кейинги қўшилган ҳар юз сўм учун 22.5 фоиз, яъни 22.5 сўм даромад солиғи қўшилиб борилаверади.

Даромад солиғидан ташқари, ижтимоий суғурта фондига ажратма мавжуд ва у иш ҳақидан 8 фоиз миқдорда ушланади. Бу ҳам ишловчининг бўйнига юкланадиган тўлов ҳисобланади. Демак юқоридаги намунага қўшимча қилсак, 1 722 400 сўм маош оладиган ишчидан 193 770 сўмдан ташқари, маошнинг 8 фоизи, яъни, 137 792 сўм ҳам ушланади.