Ўйиннинг 6-дақиқасида мезбонларнинг ўзбекистонлик легионери Вагиз Галиулин Павел Погребнякни голли пас билан таъминлади ва ҳисоб очилди. Биринчи бўлим охирида уралликлар ҳисобни тенглаштирди, Владимир Ильин гол муаллифи.
59-дақиқада Погребняк пенальтидан гол уриб, жамоасини яна олдинга бошлади. Аммо 87-дақиқада Отман Эль-Кабир ҳисобни тенглаштирувчи голга муаллифлик қилди.
Эндиликда «Тосно» 24 очко билвн РФПЛ турнир жадвалида охиргидан олдинги ўринда, «Урал» 30 очкоси билан — тўққизинчи.
«Локомотив» эса «РЖД Арена» стадионида «Ростов» устидан кичик ғалабага эришди. Ўйиндаги ягона гол Жефферсон Фарфан томонидан 47-дақиқада урилди. Меҳмонлар сафида ўзбекистонлик Элдор Шомуродов иккинчи бўлимда захирадан туширилди.
«Ростов» РФПЛда қаторасига бешинчи учрашувда ҳам мағлуб бўлди ва 27 очкоси билан турнир жадвалида 13-ўринда бормоқда, «Локомотив» 52 очкоси билан яккапешқадамликни давом эттирмоқда.
Бу турда «Анжи» чемпионатнинг яна бир етакчи жамоаси «Спартак»ни қабул қилди. Маҳачқалъадаги «Анжи-Арена» стадионида кечган учрашув меҳмонларнинг 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Ғолиблар сафида нидерландиялик ярим ҳимоячи Квинси Промес ҳет-трик қайд этди ва мавсум тўпурарлари рўйхатида биринчи ўринга кўтарилди (13 гол), москваликларнинг тўртинчи голи Илья Кутепов томонидан урилди. «Анжи» сафида Хуан Лескано битта жавоб голига муаллифлик қилди. Мезбонлар сафида Достон Ҳамдамов ўйинни илк дақиқалардан бошлаганди, аммо у танаффусда алмаштириб юборилди.
Қаторасига тўртинчи ўйинда ғалаба қозонган «Спартак» (50 очко) «Локомотив»ни таъқиб қилишда давом этмоқда. «Темирйўлчилар» жамоасида битта захира ўйини ҳам мавжуд. «Анжи» 24 очко билан 14-ўринда қолмоқда.