Туркия раҳбарияти НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан АҚШ ва унинг иттифоқчилари Сурияда амалиёт бошлайдиган бўлса, Инжирлик авиабазасидан фойдаланиш масаласини муҳокама этмоқчи. Бу ҳақда Туркия ТИВ расмий вакили Ҳами Оқсой маълум қилди.

"Сурияда ҳарбий ҳаракатлар бошланадиган бўлса, Инжирлик базасидан фойдаланиш масаласи Йенс Столтенбергнинг Анқарага 16 апрель куни амалга оширадиган ташрифи давомида муҳокама қилинади", - дея айтиб ўтди у.

НАТО бош котиби 16 апрель куни Туркия пойтахтига расмий ташриф билан келади, у ерда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, республика ҚК Бош штаби бошлиғи Хулуси Ақар, ТИВ раҳбари Мавлуд Чавушўғли ва мудофаа вазири Нуриддин Жаникли билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Кутилишича, уларнинг музокараларида Туркия ва НАТО ўртасидаги муносабатлар, терроризм билан кураш, “Зайтун новдаси” амалиёти, 2018 йилнинг 11-12 июль кунлари Брюсселда бўлиб ўтиши кутилаётган НАТО саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинади.