Жамият | 18:07 / 13.04.2018
9665
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 4 нафар фарзанднинг отасига оқлов ҳукми чиқарилди

Иллюстратив фото

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Нишон туман суди сайёр суд мажлисида 1969 йилда Қашқадарё вилояти Қарши туманида туғилган, ўрта маълумотли, 4 нафар фарзанднинг отаси Шодиёр Турдиевни Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) 2-қисми “в” бандида кўрсатилган жиноятни қасддан содир этганликда айблаш ҳақидаги жиноят ишини кўриб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тергов органи томонидан Ш.Турдиев ўз хонадонида мой жувоз ускунаси, электрогенераторни ва 80 килограмм чигитни сақлаб қонунга хилоф равишда маҳсулот ишлаб чиқариш жиноятига тайёргарликда айбланган.

Суд дастлабки тергов органи судланувчи Ш.Турдиевнинг уйидан олган жувоз, электрогенератор, 80 килограмм чигит маҳсулотидан ташқари рад этиб бўлмайдиган далилни топмасдан, унга чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ва муомалага киритиш жиноятига тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш айбини эълон қилиб, жиноят ишларини юритишда ҳақиқатни аниқлаш ва айбсизлик презумпцияси талабларини бузган деб топди.

Ишдаги ҳолатига кўра, судланувчи Ш. Турдиев чигитдан олинадиган маҳсулотни бевосита ишлаб чиқараётгани ёки ишлаб чиқаргани ҳолати аниқланмаган.

Ш.Турдиев жувоз ускунасини 2011 йилда кунжут ва зиғир мойи ишлаб чиқаришни йўлга қуйиш мақсадида сотиб олганини, расман  масъулияти чекланган жамият ташкил этиб, унинг балансига кирим қилганини, бироқ электр тармоқлари корхонаси бундай фаолиятга рухсат бермаганини, шу мақсадда ер ҳам ажратиб берилмаганини, уйидан топилган чигитни ўғли Бобур Жабборов молларига ем сифатида олганини қайд этиб кўрсатма берди.
 
Судда судланувчининг важларини инкор қилувчи бирон-бир объектив далил йўқлиги сабабли, дастлабки терговнинг айблови ўз тасдиғини топмади. Шу боис суд жиноий ҳодиса юз бермаган деб топди ва судланувчига нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддалари тартибида оқлов ҳукми чиқарди.

Суд шунингдек, тегишли мансабдор шахсларнинг эътиборини дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида такрорланмаслиги юзасидан хусусий ажрим чиқарди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид