Маълумки, жорий йилнинг 6 апрелидан «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонуни кучга кирди. Қонун Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 15 мартда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2018 йил 29 мартда маъқулланган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қонунни 2018 йил 5 апрель куни имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон махсус хизмати аввал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 2 ноябрдаги «Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қарори асосида фаолият кўрсатиб келган. Бу қарорнинг иккинчи бандида Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги низом тасдиқланган эди.

Янги қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонун 9 боб ва 48 моддадан иборат.

Биринчи навбатда, мазкур қонуннинг 5-моддасига эътибор қаратайлик. Моддада Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) нинг ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.

- давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатларига ҳамда хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш;

Бу мазкур қонуннинг 5-моддасидан парча эди. Модданинг мазмунига эътибор беринг — давлат органлари ва бошқа ташкилотларда коррупция ҳолатларига қарши курашиш. Умуман олганда, ДХХ давлат органларида коррупция ҳолатларига қарши курашиши тушунарли, чунки ташкилот давлат хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади.

Хўш, «бошқа ташкилотларда» дейилганда нима назарда тутилмоқда?

Фуқаролик кодексига қараймиз. Ушбу кодекснинг 39-моддасида ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Фуқаролик кодексининг 40-моддасида фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олган (тижоратчи ташкилот) ёки фойда олишни ана шундай мақсад қилиб олмаган ташкилот (тижоратчи бўлмаган ташкилот) юридик шахс бўлиши мумкин, деб ёзилган.