
Иккита ярим финални кўрдик. Кутилган жамоалар ғолиб бўлишди. Бири ўта ҳаяжонли ўйин кўрсатди, бири ҳаддан ташқари осон ютди. Мантиқан осон енгиб келаётгани хатарли бўлиши керак, а? Йўқ, аксинча. Плей-офф ўйинлари – машғулот, Киевдаги ўйин - жанг, ўша гап: машғулотда қанчалик қийналсанг, жангда шунчалик осон бўлади.
Уч марта тасодифан финалга чиқмайдилар. Лекин “Реал” барибир қизиқ жамоа. “Бавария”ни ҳам, “Леганес”ни ҳам 2:1га енгади. Менимча, қироллик клубининг кучи аслида кучида. Кучли таркибида, кучли футболчиларида. Бўлди. Мураббийи ҳам уларга мос. Шу.

“Бавария” кучли ўйнади, деяпти кўпчилик. Қўшиламан. Аммо қачон кучли ўйнади? Қачонки, ҳисоб очиши керак бўлган пайтда ва мадридликлар ҳисобда ўзиб кетган чоғларида. Нега, биласизми? Айнан ўша онларда “Реал” палапартишроқ ҳаракат қилади. Лекин мана нечанчи мартаки, мадридликлар жуда қисқа вақт ичида жавоб беришяпти. Олдинги мавсум ҳам, бу йил ҳам Мюнхен жамоаси биринчи бўлиб дарвозани ишғол этди. Ўша голга қадар клуб кучли футбол кўрсатди. Зоҳиран. Аслида эса, бу пайтда “Бавария” гол уришга мажбур эди, холос. “Реал” нечанчи мартаки жавобини беряпти ва ҳисобни ошириб ҳам қўймоқда. Ҳакамларнинг хатоси ва яна бошқа факторлар етиб келгунига қадар амалга оширилмоқда бу ишлар.

Майдондаги футболчилар аслида ўз даражаларини яхши биладилар. Эътибор берган бўлсангиз, биринчи жуфтликда “Бавария” ғалабага ва финалга ҳар қанча ҳақлироқ кўринмасин, футболчилари кимга ва қайси клубга имкониятни бой беришганини ич-ичларидан ҳис қилдилар. Ўйин тугагандаги манзара менда шундай хулоса уйғотди. Улар ўзларидан кучлироқ жамоага ютқазишганини тан олишди.
Олдин ҳам айтганман, “Реал”ни енгиш учун “Реал”дан кучли ўйнашнинг ўзи кифоя қилмайди. Мадрид суперклуби ҳам ёмон ўйнаши керак. Акс ҳолда, тенгкурашлар остида кечган баҳсда “Реал”ни енгиб бўлмайди, деярли имконсиз.
Эсланг, ПСЖ кучлироқ ўйнаб ютқазди, “Ювентус” фантастик кечасида барибир қоқилди, навбатдаги босқичда “Бавария” ҳам ўз бўйидан баланд сакраган ҳолда мағлубиятга учради. “Реал”нинг ёмон томони, натижа керак бўлгунича ёмон ўйнаётгандек тасаввур уйғотади. Аслида, у ўз вақтида қандай ўйнаши мумкинлигини билади, холос. Шунинг учун ҳам хотиржам ҳаракат қилаверади.


















