Иқтисодиёт | 14:29 / 03.05.2018
9211
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ТАПҲ газ қувури қурилишини молиялаштиради

Фото: РИА "Новости"

Ўзбекистон Туркманистон – Афғонистон – Покистон - Ҳиндистон газ қувурини (ТАПҲ) қуриш учун ўз маблағларини йўналтиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Банклар ассоциацияси бош директори Бахтиёр Ҳамидов маълум қилди.

«Мамлакатлар ўртасида жуда катта савдо айланмаси, турли лойиҳалар бор. Туркманистон томонининг илтимосига кўра, Ўзбекистон ТАПҲ газ қувурига сармоя киритади ва қурилишида иштирок этади», - деди Ҳамидов. 

Ўзбекистоннинг газ қувурини қуришдаги иштироки шу йилнинг апрель ойида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон ТАПҲ қурилишида иштирок этади. Ушбу лойиҳада умумий нуқталарни топамиз», - деди Мирзиёев. 

Икки томонлама ишчи гуруҳ Ўзбекистоннинг лойиҳада иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқиши кутилмоқда.

Узунлиги тахминан 1814 км бўлган газ магистралини қуриш 2015 йил декабрь ойида Туркманистон ҳудудида бошланган. Унинг йиллик қуввати 33 миллиард кубометрни ташкил этади.

Аввалроқ, объект қурилиши 2020 йилгача тугалланиши режалаштирилганди, аммо ҳозирги кунда иштирокчи мамлакатлар трансмиллий қувурни келгуси йилдаёқ ишга тушириш ниятида.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид