11:56 / 05.05.2018
16801

«Халқим жўнаб кетдими?» Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак 90 ёшга тўлди

Фото: Mohamed Abd El Ghany / Reuters

4 май куни Мисрни 30 йилдан ортиқ вақт давомида бошқарган собиқ президент Ҳусни Муборак 90 ёшга тўлди.

Совет иттифоқида ҳарбий самолётларни бошқаришни ўрганган Ҳусни Муборак Мисрдаги Жамол Абдул Носир даврида мансаб пиллапоясидан тез кўтарилди. Носирнинг ҳарбийларга таяниши Ҳусни Муборакка қўл келди, жуда қисқа фурсатда у Миср Ҳарбий ҳаво кучлари штаб бошлиғи этиб тайинланди. 

Худди шундай «кўтарилиш» президент Анвар Саддат даврида ҳам кузатилди. У мамлакатда вице-президент этиб тайинланган, кучли ҳарбий таянчга эга шахсга айланди. Анвар Саддатга уюштирилган суиқасддан сўнг, шаксиз, барча Муборакни президентлик лавозимида кўра бошлади. 

Янги раҳбар вужудга келган ва ривожланиб бораётган радикализм билан аёвсиз кураш олиб борди. Мисрда янги иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар бошланди. Қатъий позицияга эга собиқ ҳарбий Яқин Шарқдаги энг қудратли сиёсатчилардан бирига айланди. У нафақат Россия билан, балки АҚШ билан ҳам алоқаларни яхшилай олганди.

Шунга қарамай, президент маъмуриятидаги коррупсия, босим остида қолган оппозиция, энг муҳими - турмуш даражаси абгор бўлиб қолган халқ 2011 йил қўзғалон бошланишига сабабчи бўлди. Унинг ўрнини «Мусулмон биродарлар» ташкилоти раҳбари Муҳаммад Мурсий эгаллади, бироқ у ҳам бироздан сўнг ҳокимиятдан кетишга мажбур бўлди.

Муборак «Араб баҳори» даврида суд олдида жавоб беришга тўғри келди, у 2017 йилга қадар қамоқхонада жазосини ўтади.

Ҳусни Муборак 2011 йил ҳокимиятдан кетишига саноқли ойлар қолганда бир ҳазил қилиб, кейинчалик барчани ўйлантириб қўйганди. Гап шундаки, у ривоятдаги Азроил фариштаси билан юз берган суҳбатни ҳазилга йўйиб сўзлаб берганди. Айтишларича, ўлим фариштаси подшоҳнинг олдига келиб, «халқ билан хайрлашиш вақти етган»ини билдирганда, ҳукмдор жавоб беради:

«Нима? Халқим жўнаб кетдими?».

Top