Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5005-сон Фармонига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 23 ноябрдаги 939-сон ва “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситаларидан фойдаланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 7 мартдаги 183- сон қарорларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 1-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юкланди.

Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 1 майдаги 195-сон қарори билан тасдиқланган Сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари тўғрисидаги низомнинг 8-бандидаги “милиция” сўзи “ички ишлар органлари” сўзлари билан алмаштирилди.

2. Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини тартибга солиш тўғрисида” 1994 йил 29 сентябрдаги 490-сон қарорига 2- илова 1-бандининг “г” кичик бандида:

“ҳамда ҳунар-техника ўқув юртларида” сўзлари “касб-ҳунар таълими муассасаларида” сўзлари билан алмаштирилди;

“махсус ҳунар-техника билим юртлари” сўзлари “ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари” сўзлари билан алмаштирилди;

“милиция” сўзи “ички ишлар органлари” сўзлари билан алмаштирилди.