Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган маросимда қатнашиб, нутқ сўзлади. Қуйида давлат раҳбари нутқининг тўлиқ матни келтирилади.

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Муҳтарам фахрийлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Бугун жонажон Ватанимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 73 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Ана шу қутлуғ айём билан сизларни, сизлар орқали кўп миллатли бутун халқимизни чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Сиз, азизларни биз фашизмга қарши мардона курашган, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, Ватанимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, деб биламиз ва сизлар билан чексиз фахрланамиз.

Сизларнинг бугун орамизда мана шундай нуроний бўлиб, дуогўй бўлиб юришларингиз биз учун, албатта, катта бахт, катта давлатдир.

Ҳаммамизга аёнки, бу дунёда тинчлик ва омонлик, бахту саодат барқарор бўлиши учун инсон ўзини аямасдан кураш олиб бориши, фидокорона меҳнат қилиши керак. Сизларнинг юксак жасорат ва матонатингиз, бутун ҳаётингиз бунга яққол мисол бўла олади.

Бугун фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотирасини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш – биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Қонли жанг майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб, бугун ҳаётимизга файз бағишлаб юрган муҳтарам фахрийларимиз олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.

Айни вақтда мустақил Ватанимиз озодлиги, эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимизнинг номларини ҳам ҳурмат ва эҳтиром билан эсга оламиз. Уларнинг оила аъзолари, фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз, деб биламиз.

Азиз ва муҳтарам дўстлар!

Иккинчи жаҳон уруши ҳақиқатан ҳам инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлган эди. Бу уруш халқимиз бошига қандай оғир азоб-уқубат ва талафотлар, беҳисоб қурбонлар келтирганини эл-юртимиз ҳеч қачон унутмайди.