Жамият | 17:16 / 11.05.2018
12007
3 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳрида бўғма касаллигига гумон қилинган ташхис тасдиқланмади

Фото: KUN.UZ

Айрим хориж интернет нашрларида Андижон шаҳрида яшовчи 3,5 ёшли болада бўғма (дифтерия) касаллиги қайд этилганлиги тўғрисида хабарлар берилган эди.

Мазкур масалани жойига чиқиб ўрганиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Д.Турсунова бошчилигида мамлакатидаги етакчи олим ва шифокорлардан иборат тезкор гуруҳ ташкил этилиб, Андижон шаҳрига юборилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фурқат Санаев KUN.UZ’га хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 7 май куни 2014 йил 21 августда туғилган А.Шуҳратбеков “йирингли-некротик ангина” бирламчи ташхиси билан Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. 

Онаси берган маълумотга кўра, бемор бола 5 май куни музқаймоқ истеъмол қилган ва 6 май куни унда ҳолсизланиш, инжиқлик, рангини оқариши каби белгилар пайдо бўлган. 7 май куни тана ҳарорати кўтарилиши,  томоқда оғриқ кузатилгани боис бола вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган.

Шифохонада мутахассислар томонидан бемор кўрикдан ўтказилгандан сўнг, унга замбуруғли ангина бирламчи ташхиси қўйилиб, ўртача оғирликда реанимация бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг таҳлил учун тегишли биологик намуналар олиниб, лабораторияга топширилган ва барча муолажалар вақтида ўтказилган. 

Бемор Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юборилган мутахассислар томонидан консилиум қилиниб, такрорий тиббий кўрикдан ўтказилди. Унга йирингли-некротик ангина ва бўғмага қўшимча текшириш буюрилган.

Таъкидлаш жоизки, бола 2 ёшга тўлгунга қадар миллий эмлаш жадвалига мувофиқ, бўғма касаллигига қарши 4 маротаба эмланган.

Кўрсатилган малакали тиббий ёрдам натижасида 11 май куни бемор А.Шуҳратбековнинг умумий саломатлиги қониқарли, деб баҳоланган. У фаол ҳаракатланмоқда, овқатланиши яхши, иситмаси йўқ. Яқин кунларда уйига жавоб берилади ва шундан сўнг бемор ҳудуддаги тиббий патронаж хизмати назоратига олинади. 

Жорий йилнинг 11 май куни микробиологик таҳлил натижалари ҳам олинган. Андижон вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бактериология лабораториясининг 2018 йил 11 майдаги 56-, 57- ва 284-сонли микробиологик текшириш натижалари ҳамда касаллик клиникаси ва кечиши асосида беморга стрептококк этиологияли йирингли-некротик ангина якуний ташхиси қўйилди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги тўрт ёшли болакай Ўзбекистон ҳудудида бир неча ўн йиллардан бери кузатилмаган юқумли – дифтерия, яъни бўғма касаллигида гумон қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид