Шу кунларда парламент қуйи палатаси қўмиталарида қатор қонун лойиҳалари кенг муҳокама қилинмоқда. Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилиб, Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ана шулардан биридир, деб ёзяпти “Халқ сўзи”.

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан сиёсий партиялар фракциялари вакиллари, тегишли идоралар мутасаддилари, соҳа мутахассислари иштирокида кенгайтирилган тарзда ўтказилган тадбирда ушбу ҳужжат нормалари юзасидан қизғин фикр алмашилди.

Мамлакатда миллий туризм индустриясини, автомототранспорт воситаларининг ижара бозорини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этиб, ушбу соҳага эҳтиёж тобора ортмоқда. Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Алишер Каримовнинг маълум қилишича, транспорт воситаларини ижарага бериш масалалари нотариал тасдиқлаш талаб этиладиган битимлар турига киритилган. Жаҳон тажрибасидан аёнки, туристларга биринчи галда қулайлик яратиш мақсадида уларга автотранспорт воситаларидан фойдаланишда ҳеч қандай ортиқча маъмурий чекловлар, тўсиқлар белгиланмаган.

Бизнинг қонунчиликда эса мазкур жараён қўшимча вақт, харажат талаб қилади. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, автомототранспорт воситаларини 30 кунгача бўлган муддатга нотариал тасдиқловсиз ижарага бериш кўзда тутилмоқда. Эътиборли жиҳати, автомототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи ихтисослаштирилган юридик шахсларга тақдим қилиняпти. Бу мамлакатимизга келаётган сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаши баробарида, ички туризмни ҳам жадал ривожлантиради.

— Мақсад тушунарли, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакили Саттор Раҳматов. — Автомототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган, деган жумлага эътирозим бор. Бу ихтисослашув нимага керак? Дейлик, менинг ҳайдовчилик гувоҳномам бор, демак, машина бошқаришга ҳуқуқим бор, машина эгасидан машина олмоқчиман. Бу ерда қанақа ихтисослашув керак? Яна бир мунозарали савол, нега айнан юридик шахсларга бу имтиёз берилмоқда, жисмоний шахсларнинг ҳам қанчадан-қанча автомашиналари бор. Ушбу лойиҳада қатъий чегаралар қўйилган, буни аниқлаштириш керак.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Абдурашид Абдуқодиров мазкур фаолиятда сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида автомототранспорт воситаларини ижарага бериш ҳуқуқи айнан юридик шахсларга тақдим қилинаётганини қайд этди.