Ўзбекистон Республикаси президентининг «Давлат активларини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда бугунги кунда давлат корхоналарига ўз вазифаларини тўлиқ бажариш ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва технологик ривожлантиришга кўмаклашиш имконини бермайдиган қатор муаммолар мавжудлиги санаб ўтилган.

Қарорга кўра, давлат активларини бошқаришнинг самарадорлигини янада ошириш, давлат корхоналари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг Ўзбекистон Республикасини иқтисодий, технологик ва ижтимоий жиҳатдан янада ривожлантиришдаги ролини ошириш мақсадида:

Давлат корхоналари фаолиятини ташкил этишда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш, шунингдек, давлат активларининг қийматини ва уларни бошқариш самарадорлигини оширишни кўзда тутувчи давлат корхоналарини трансформация қилиш дастурларини амалга оширишнинг халқаро тажрибаси маълумот учун қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг қуйидагиларни назарда тутувчи 2018–2020 йилларда устав фондида давлат улуши устувор бўлган давлат корхоналари ва бошқа юридик шахсларни трансформация қилиш дастурини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилмоқда:

  • бошқарув ходимларига юклатилган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши учун уларнинг масъулиятини таъминловчи корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш;
  • давлат корхоналари фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича ташаббусларни амалга ошириш;
  • давлат корхоналари раҳбарлари ва мутахассисларининг касбий кўникмаларини, жумладан, тегишли тармоқлар бўйича етакчи хорижий корпорациялар билан тажриба алмашинишни ташкил этиш орқали ривожлантириш;
  • давлат корхоналарини трансформация қилиш тадбирларини амалга оширишда лойиҳа бошқаруви воситаларидан фойдаланиш.

Белгилаб қўйилмоқдаки:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Дастурнинг стратегик мақсадлари ва муҳим вазифаларни аниқлаш ва тасдиқлаш, шунингдек, уни амалга ошириш масалалари бўйича қарорлар қабул қилишга ваколатли Лойиҳа офиси функцияларини бажаради;

Дастурнинг амал қилиши «Ўзбекнефтгаз», «Ўзкимёсаноат», «Ўзбекэнерго», «Ўзбекгидроэнерго», «Олмалиқ кон-металлургия комбинати», «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятлари, «Ўзбектелеком» АК, «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва АТ Халқ банкига (кейинги ўринларда – давлат компаниялари) татбиқ қилинади.