Кун.уз манбаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ва маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотлари экспортчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Қарор лойиҳасида таъкидланишича, экспорт фаолиятида қатор муаммолар кузатилмоқда. Хусусан, бу хўжалик юритувчи субъектларга янги мева ва сабзавотларни олдиндан тўловсиз экспорт қилиш бўйича тақиқнинг борлиги, шунингдек, нарх шаклланишига оид амалдаги тартибнинг номутаносиблигидир.

Бундан ташқари, узоқ хориж мамлакатларига экспорт қилинадиган янги мева-сабзавот маҳсулотлари учун «Global GAP» стандарти талабларига мувофиқликни сертификатлаш тартиби ўрнатилмаган.

Маълумот учун: Global G.A.P. (G.A.P. — Good Agricultural Practice) – бу Европадаги чакана савдо тармоқлари томонидан таклиф этилган, озиқ-овқат ва декоратив ўсимликларини хавфсиз ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича дастур. Дастурнинг асосий мақсади савдо тармоқлари мижозларини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, у саломатлик ва атроф-муҳитга зарар етказиши керак эмас.

Ушбу стандартнинг мақсади - барча ишлаб чиқариш жараёнларини кузатиш орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги хатарларни минималлаштириш. Аввал қўлланилган маҳсулотлар сифати ва хавфсизлиги тизими етарли даражада самарали кўрсатмагани сабабли, янгиси ишлаб чиқилди – у якуний маҳсулотни эмас, балки ишлаб чиқариш технологиясини сертификатлашга ишлаб чиқилган. Самарали қишлоқ хўжалиги амалиёти (GAP) - зарарли кимёвий моддаларнинг тўпланиши имкониятини йўққа чиқарувчи, шунингдек, механик ва микробиологик ифлосланиш ҳақида огоҳлантириш бўйича шароитларни яратиш. Шу тариқа, GlobalGAP сертификатлаш - бу маҳсулот барча тавсиялар ва талабларга қатъий мувофиқлигининг кафолати. 

GlobalGAP стандартини ишлаб чиқиш учун ХХ аср ўрталарида ишлаб чиқилган НАССР (Hazard Analysis and Critical Control Point - хавф-хатарлар ва кескин назорат нуқталарини таҳлил қилиш) тизими ишлатилди.

Юқорида кўрсатилган муаммоларни ҳал қилиш учун Ташқи савдо вазирлиги ҳузурида мева ва сабзавот экспортини ривожлантириш бўйича махсус идоралараро комиссия ташкил этилади. Комиссия тадбиркорларга янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда, шунингдек, юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради.

Комиссия янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг ички ҳамда ташқи бозордаги нархлари тенденцияларини мунтазам равишда ўрганиб чиқади. Таъкидланишича, «тавсия этилган экспорт нархлари» ҳафтасига камида бир марта вазирлик сайтида эълон қилинади.