Жаҳон | 18:26 / 16.05.2018
21367
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистонлик депутатлар Атамбоев ва Жээнбековни «сўроққа» чақиришмоқчи

Фото: Knews

Бугун, 16 май куни Қирғизистон Жогорку Кенеши Бишкек ИЭСда рўй берган авария сабабларини ўрганиш бўйича депутатлик комиссияси хулосасини, шунингдек, уни модернизация қилиш учун ажратилган кредитнинг сарфланиши ҳолатини муҳокама қилишни давом эттирди. Бу ҳақда Knews хабар тарқатди.

ҚСДП фракциясидан депутат Рискелди Момбеков ЖК депутатлари олдига ҚР собиқ президенти Алмазбек Атамбоев ҳамда давлатнинг амалдаги раҳбари Сооронбай Жээнбековни «сўроққа» чақиришни таклиф қилди.

«Халқ ким кредит пулларини ўзига олиб қолганини кўрмоқда. Биз ҳукуматни айбламоқдамиз, бу ерда эса, бизнинг орамизда коррупцияга алоқадорлар ўтирибди, масалан, Қодирқулов ва Муратбеков. Депутатлар орасида жуда бойлари бор, уларнинг ўзи ўнта ИЭСни қуриши мумкин. Биз кимнинг пули қаердан келганини жуда яхши биламиз», - деди у. Унинг қўшимча қилишича, ИЭСдаги аварияда одамлар ҳақиқатни билиб олишди. «Насосга раҳмат, унга орден бериш керак. Айнан у туфайли биз авария ҳақида билдик», - деган у.

Шу билан бирга, унинг ҳамкасби, ҚСДП фракциясидан депутат Асал Кодуранованинг маълум қилишича, ИЭСдаги вазиятга ҚР собиқ президенти Алмазбек Атамбоевни айбдор қилиб қўйишмоқчидек тасаввур уйғонмоқда. У Момбековни қўллаб-қувватлаб, ЖК йиғилишига ҚР президенти Жээнбеков ва Атамбоевни таклиф қилишни сўради.

«Атамбоевнинг айби нимада? У грантлар ва кредитларни жалб қилганидами? Унда ҳозирги президент Сооронбай Жээнбеков янги грантларни жалб қилиш ва йўлларни қуришдан олдин бу ҳақда яхшилаб ўйлаб кўриши керак, у ҳам кейин бунга жавоб беради. Жээнбеков ва Атамбоевдан буни сўрашга қурбингиз етадими? Депутатлар ўзини бундай тутиши нотўғри. Хитой эртага қандайдир баёнот берсачи? Бишкекдаги йўлларни грант ҳисобидан қураётганимиз маълум қилинади. Ким биз билан ишлашни хоҳлайди? Бир томонлама фикр бўлмаслиги учун ИЭСнинг модернизациясига алоқадор бўлган барчадан сўраш керак», - дея айтиб ўтди у.

ҚР собиқ бош вазири Сапар Исоқов депутатларнинг саволларига жавоб қайтариб, Атамбоев босим ўтказмагани ва бир компания манфаатларини илгари сурмаганини бир неча марта такрорлаб ўтди.

Исоқовнинг сўзларига кўра, Атамбоев фақат ИЭС модернизацияси бўйича ишларни ўзига олмоқчи бўлган компанияга оид таклифларни кўриб чиқишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ россиялик иш берувчилар Қирғизистон фуқароларидан 114 млн рубль қарз бўлиб қолгани хабар берилганди.

Мавзуга оид