Шу кунларда хизмат сафари билан Сурхондарёга боришга тўғри келди. Албатта, Ўзбекистоннинг энг жанубий вилоятига автомобилда боришга қарор қилганимиз сабабли М-39 “Тошкент-Термиз”автойўлининг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудидан ўтган ва капитал қурилаётган қисмларида ишлар қайдаражада олиб борилаётганини ҳам кузатиш имконига эга бўлдик.
Тўғрисини айтганда, йўлнинг, айниқса Сурхондарё вилоятидаги аксар қисми таъмирланиб бўлингани ва равон экани ҳайдовчилар учун анча қулайлик тақдим этмоқда. Бироқ йўлнинг кўприклар қурилаётган қисмларида айрим жиҳатларга эътибор берилса, янада яхши бўлар эди.

Хусусан, кечаси ҳаракатланганда йўл қисмининг торайиши ҳақида ахборот берувчи белгиларни деярли кўриб бўлмайди. Улар ёруғликни қайтармайди. Бундан ташқари, кўприкка яқинлашганда қўйилган тўсиқлардаги йўналтирувчи қизил чизиқлар ҳам шундай. Анча яқин келгандан кейингина йўл йўналиши қайси томонга ўзгаришини била оласиз, холос. Бу эса, кечки вақтда жиддий оқибатларга сабаб бўлувчи омиллардан бири ҳисобланади.

Кичик қуёш панелларидан фойдаланилмаса ҳам, ёруғлик қайтарувчи жиҳозлар воситасида йўл йўналиши кўрсатиб турилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди, назаримизда. Бундан ташқари, равон йўлда келаркансиз, тўсатдан тошли-шағалли йўлнинг бошланиши, баъзи жойларда ҳайдовчи бундан огоҳлантирилмаслиги белгиланган тезликда келган ҳайдовчини ҳам шошириб қўяди. Йўл қурилиши бўйича мутасаддилар мазкур йўлда қурилиш меъёрларига қанчалик риоя қилинаётганини танқидий ўрганиб чиқишса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Сурхондарёдан қайтарканмиз, Китоб довонидан ўтиб, Қашқадарё-Самарқанд чегарасига келганимизда қизиқ бир ҳолатга дуч келдик. Шундоққина, Самарқанд ёзуви туширилган энг баланд нуқтада маҳаллий аҳоли қурут, қуритилган мева каби маҳсулотлар билан савдо қилмоқда. Каттагина текис кенглик. У ерда қурилиши тугалланган, аммо фойдаланилмаётган биноларга ҳам кўзимиз тушди. Харидорлар орасида, аксари кекса ёшли 40га яқин хорижлик сайёҳ ҳам бор эди. Шу ўринда, уларнинг кўпчилиги ниманидир қидириб, атрофга боқаётгани, ҳайрон қолгандек ўзаро бир-бирига қарашларига диққат қилдик ҳамда улар нимани қидираётганини тусмоллашга уриндик.




















