Жаҳон | 09:40 / 17.05.2018
4964
2 дақиқада ўқилади

НАТОнинг Молдовадаги офиси йил охиригача ёпилади - Додон

Фото: «Известия» газетаси

Молдова президенти Игорь Додоннинг «Известия» газетасига берган интервьюсида маълум қилишича, НАТОнинг Кишинёвдаги офиси жорий йил охирига қадар ёпилиши мумкин.

«Эслатиб ўтаман, мен НАТОнинг Кишинёвдаги офисига ҳар доим қарши бўлганман. Катта эҳтимол билан парламент сайловларидан сўнг, жорий йилнинг охирида альянс офиси ёпилади», - деди Додон.

Унинг қўшимча қилишича, Кишинёвда НАТОнинг хабардор қилиш бўйича офисининг очилиши альянс давлатлари Молдова аҳолисини нейтралитетдан воз кечишга ишонтирмоқчи экани билан боғлиқ. Унинг сўзларига кўра, аксарият молдованлар геосиёсий қарама-қаршиликда иштирок этишни хоҳлашмаяпти.

Шунингдек, президентнинг таъкидлашича, альянс Молдовада мустаҳкамланиб олмоқчи, сабаби унда Россияга имкон қадар яқин ерда жойлашиш эҳтиёжи бор.

«Улар Россия Федерацияси чегараларига имкон қадар яқинлашиб олишни хоҳламоқда», - дея қайд этиб ўтди Додон.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО Россия армияси йигирма йиллик таназзулдан сўнг тикланаётгани ҳақида маълум қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид