Оқ уй – Халқ ҳокимияти маркази
Вашингтон. Пенсильвания-авеню, 1600. Салобатли Оқ уй.

218 йиллик тарихида қанчадан қанча нуфузли шахслар, давлат раҳбарлари, буюк сиёсатчилар бу қароргоҳда қабул қилинди. Ушбу бино буюк тарихнинг қанчадан қанча оламшумул, жаҳон аҳамиятига эга воқеалар ва унинг сокинлиги остида қабул қилинган қарорларнинг гувоҳи бўлган.
Бу қароргоҳ Америка президентларининг ҳам уйи, ҳам иш жойи ҳисобланади. Ҳаётида буюк ўзгаришларни кашф қиламан деб олис юртдан келиб, бу заминда макон топган одамлар учун Оқ уйнинг маъно ва аҳамияти бебаҳо.
Дастлаб Америка асос топгандан кейин унинг буюк оталари Жон Адамс, Жефферсон, Линколн, Франклин бу ерда халқ ҳокимиятини барпо этиш ва жорий этишда қанчадан қанча тунларни бедор ўтказганлар. Халқ демократиясининг маркази. Балки шу сабаб, Оқ уйни олдига келганингизда бу халқчил муҳитни ҳис этарсиз.
Маҳобатли бино ва кўркам ҳудудни унча катта бўлмаган панжаралар ўраб туради. Истаган одам келиб суратга тушиши мумкин. Ҳеч ким халақит бермайди.
Нимага Доналд Трамп Шавкат Мирзиёевга бундай лутф кўрсатди?!
Бугунги кун сиёсатчиларини ва Америка-Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни кузатиб борувчи экспертларни бу савол жуда ҳам қизиқтирмоқда: Нимага олис Ўзбекистоннинг президентига Американинг 45-президенти Доналд Трамп жуда ҳам юксак ҳурмат кўрсатди.

Бу савол халқимизни ҳам қизиқтираётгани табиий. Ижтимоий тармоқларда ҳам бу мавзу қайноқ муҳокама қилинди. Хорижлик журналистлар-ку бу сингари саволларни ёғдириб, одамни қийнаб юборди. Уларнинг айтишича, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларининг 27 йиллик тарихида, унга аъзо мамлакатларнинг бирорта раҳбари бундай мавқеда, расмий ташриф мақомида, бундай эътибор билан Америкада кутиб олинмаган экан. Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев эса қисқа муддатда бу эътиборни қўлга киритди. Доналд Трампнинг гапларидан аён бўлдики, у Ўзбекистон тўғрисида юзаки маълумотларга ва билимга эга эмас. У ҳам Ўзбекистондаги ўзгаришларни диққат билан кузатмоқда. Доналд Трампнинг Шавкат Мирзиёевни ҳурмат қилиши боиси Ўзбекистон президенти ўз халқини ҳурмат қилиши, фуқаролари учун жон куйдиришидир. Трампнинг таъзим қилиши боиси Мирзиёев халқига таъзим қилмоқда. Халқ билан мулоқот, давлат идораларини халқ хизмати учун ишлатиш Америкада ҳам муҳим ҳисобланади. Чунки, Америка демократия қадриятларини 242 йилдан бери бош қадрият сифатида тан олади. Қарийб 2,5 асрдан бери халққа яқин бўлиш, халқ муаммоларини ҳал қилиш Америка давлатининг сиёсий тузумига айланиб бўлган. Ўзбекистондаги сўнгги 20 ойда давлат тизимининг халқ томон юзланиши, халқнинг муаммоларини ҳал қилиши ўзбек демократиясининг шаклланишида айнан Мирзиёев меҳнатининг эътирофидир.




















