Журналистика ҳам ажойиб касб: турли вазиятда, турли кишилар билан ҳар хил мавзуларда суҳбатлашиб, шуларни оққа кўчираверади. Шундай қизиқ кунларнинг бирида "Ҳоким билан бир кун" лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги  Бектемир тумани ҳокими Шопўлат Асқаров билан кун давомида бирга юриб, ҳокимнинг бир кунини кузатишга муваффақ бўлдим. Баҳонада ҳокимнинг айрим хислатларини ўзим учун кашф этдим. Демак, бу мақола ўша кунни эслаб, изоҳ ва шахсий мулоҳазаларим билан тақдим этилади. 

Шопўлат ака ишни барвақт бошларкан, очиғи мен соат 7.00да у киши билан кўчада учрашиб оламан, деб хомтама бўлибман. Шу куни эрта тонгдан ёмғир севалаб турди, шанба куни бўлгани учун ҳоким ҳам ўзи учун қулай кийимда. Иш куни ҳоким ўринбосарлари билан "5 дақиқалик" мажлис қилишдан бошланди. Кун давомида бажарилиши лозим бўлган ишлар тақсимоти, вазифалар белгилаб олинди. Бу худди майдонга тушишга тайёрланиб турган америкача футбол ўйинчиларининг режасига ўхшарди.

Шопўлат Асқаровнинг айтишича, у одатда кунни Бектемир туманидаги шоҳкўчаларни айланишдан бошлайди. Ҳоким ўзига ажратилган машинада айланиб, тумандаги ободонлаштириш ишлари, ноқонуний қурилиш ва ташкилий масалаларни танқидий кўриб чиқишга имкон топади. 

"Бугун - ёмғир. Ички йўлларнинг аҳволини синаб олиш учун айни муддао", дейди у. 

Йўл-йўлакай "Қўйлиқ улгуржи бозори"га бир кириб ўтдик. Ҳокимнинг таъкидлашича, айнан Қўйлиқдаги нархлар бутун шаҳардаги савдо расталарига таъсир қилади. Негаки, Қўйлиқ бозори шаҳардаги бошқа савдо марказлари учун асосий донор ҳисобланади. 

"Нархларни маъмурий буйруқбозлик билан жиловлаб бўлмайди. Аксинча, етишмаётган маҳсулотларнинг нархи сунъий кўтарилиб кетмаслиги учун махсус чора-тадбирлар ўйлаб қўямиз", дейди раста оралаб нархларни ўрганиб кетаётган ҳоким. 

Туман ҳокими ўтирган машинанинг кетидан ободонлаштиришга масъул ходим ҳам изма-из юрибди. Гоҳ-гоҳида Шопўлат ака унга топшириқ беради: "Кўчани кўрдинг-а?! Сув тўпланиб қолибди". 

Очиғи, ҳокимлар айни замонда қурилиш ишларининг ҳам билағонига айланибди. Биз замонавий типда барпо этилаётган маҳалла гузарларининг бир нечтасига бордик. Кўзга ташланган жиҳати, ҳоким ишларни шунчалар дуруст ташкил этганки, бундан на маҳаллий аҳоли, на қурилишга ҳомийлик қилаётган тадбиркор хафа.