Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш ва нашр этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан белгиланишича, шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2018 йилдан бошлаб ҳар йили:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда келгуси йил учун жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш ва нашр этиш режалаштирилган адабиётлар рўйхати ҳамда уларнинг адади бўйича таклифларни 2018 йилда 15 июнгача, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили 1 апрелгача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига тақдим этади;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида тузилган махсус комиссия ҳар йили 1 июнгача Республика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда келгуси йилда таржима қилиниши ва нашр этилиши режалаштирилаётган жаҳон адабиётининг энг сара намуналари ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарининг мазмуни ва ғоясини ўрганиб чиқиб, уларни нашр этишга тавсия этади;

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ёзувчилар уюшмасининг тавсияси асосида жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш юзасидан давлат буюртмасини шакллантиради ҳамда ҳар йили 1 июлгача тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш бўйича давлат буюртмаси бериш схемаси ишлаб чиқилди.

Давлат буюртмаси қуйидаги мезонларга асосан шакллантирилади:

аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал савиясини ўстиришга хизмат қиладиган, юксак инсоний фазилатларни улуғлайдиган, одоб-ахлоққа чақирадиган жаҳон адабиётининг бадиий жиҳатдан етук энг сара намуналарига бўлган талабни ўрганиш;

халқимизнинг, айниқса, ёш авлоднинг маънавияти юксалиши, миллий тафаккури ривожланиши учун маънавий муҳит яратиш;

хорижий давлатлар нашриётлари, таҳририятлари, таниқли чет эл адабиёти намояндалари билан ижодий алоқалар ўрнатиш, ўқувчиларни хориж адабиётининг ёрқин намуналари билан яқиндан таништириб бориш;