Жаҳон | 16:52 / 25.05.2018
12863
2 дақиқада ўқилади

MH17 ҳалокати. Кремль рад этиб чиқди

Фото: ИТАР-ТАСС

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Владимир Путин халқаро тергов гуруҳининг Малайзия Boeing’и ҳалокати бўйича хулосаларини ҳали ўрганиб чиқмади. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.

Песковнинг сўзларига кўра, Россия президенти иш жадвалида бўш вақт йўқлиги сабабли ҳисобот билан танишиб чиқмаган. Матбуот котибидан ҳалокат натижасида қурбон бўлганлар яқинларига товон пуллари ҳақида сўрашганида, у мамлакат ташқи сиёсат идорасига мурожаат этишни маслаҳат берган. Песковнинг таъкидлашича, Россия рўй берган ҳолатга алоқадор эканини рад этмоқда.

«Нидерландияда тергов гуруҳи томонидан амалга оширилган суриштирув ўз ичига Россия томонини қамраб олмади. Аммо, у ерда Украина бор эди», - дея маълум қилди Песков.

Унинг қўшимча қилишича, Россия томони суриштирув натижаларига қандай даражада ишонишни билмаяпти, сабаби унинг тўлақонли иштирокчиси бўлмаган. Шу билан бирга, Россия барча керакли ёрдамни тақдим этишга тайёрлигини маълум қилди.

«Ўша пайтда Украина ҳудудида жанговар ҳаракатлар рўй берганди. Айнан ушбу давлат ўз ҳаво ҳудудини ёпиш бўйича керакли чораларни кўрмаган», - деди Песков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинада Малайзия лайнерини уриб туширган «Бук» Россияга тегишли бўлгани аниқланганди.

АҚШ ҳукумати эса Россияни Boeing MH17 бўйича ёлғон баёнотлар беришни тўхтатишга чақирди.

Шунингдек, Нидерландия ва Австралия ҳукумати Россияни Малайзиянинг Boeing MH17 лайнери ҳалокатида расман айблади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид