KUN.UZ таҳририятига сўнгги вақтларда бозор муносабатлари билан боғлиқ муаммолар бўйича мурожаатлар келиши кўпайди. Шундай мурожаатлардан бири Тошкент вилояти, Янгийўл шаҳридан юборилган. Мурожаатни тадбиркор бева аёл Умрихон Мелибоева йўллаган. Қисқача айтадиган бўлсак, Умрихон опага қарашли хусусий дўкон ҳудуди давлат эҳтиёжлари учун ҳокимият балансига олинган. Бироқ унга етказилган зарарни қоплаш ва ўрнига янги ҳудуд берилиши масаласи ҳал этилмай қолмоқда. Мурожаатни ўрганиш мақсадида Янгийўл шаҳрига бордик. Умрихон опа билан шахсан суҳбатлашдик.
“Мен «Янгийўл нон-ризқ» МЧЖ директориман. Хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаман. 2017 йил ҳокимдан бозор ҳудудига туташ жойдаги дўконим ўрнига ўз ҳисобимдан «Ёшлар маркази» ва замонавий дўконлар қуриш учун рухсат сўрадим. Лойиҳамни кўрсатдим, уларга маъқул келди. Лойиҳани тасдиқдан ўтказиш учун Тошкент вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармасига жўнатдим. Декабрь ойида жўнатилган лойиҳа февралгача кутилди. Натижа бўлмади. Қўнғироқ қилсак, кутиб туришимизни айтишди.
Шифохонада даволаниб турган вақтимда 220 квадрат метр дўконим ҳудуди ҳам ҳеч қандай огоҳлантиришсиз «бош режа»га киритилган экан. Ҳокимнинг ёнига кириб бир неча марта мурожаат қилганимдан сўнг, бошқа ҳудуд бериш масаласи кўрилди. Шаҳарнинг бир чеккасидан қуруқ жой кўрсатишди. Мен рози бўлмадим. Чунки у ерда савдо қилишнинг имкони йўқ эди. Иккинчи мурожаатда ҳам ўша жой кўрсатилди. Кейин билсам, у ердаги дўконим ҳудуди бошқа бир тадбиркорга берилар экан. “Нега бошқа тадбиркорга берилади, менга нега берилмайди, мен ҳам давлат солиқларини ўз вақтида тўласам, аввал менинг ҳудудим эди-ку?”, деб ҳокимга мурожаат қилдим. “Менинг мулким бошқа бир тадбиркорга берилса, бундан мақсад нима?”, деб савол бердим.

Тошкент вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ходими Маҳмуд исмли шахс бош режада нима бўлса шу қурилади, деб айтди. Хафа бўлаётган жойим менинг мулким олиниб, бошқа бир тадбиркорга берилмоқда. Мен-чи? Мени қўллаб-қувватлайдиган инсоним йўқлигими айбим? Қани адолат? Тадбиркор давлат ҳимоясида, деган гап амалда бўлмаяпти-ку. Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилдим. Ҳеч бири аралашмади. Одатдаги мазмунда жавоб олдим. «Ўрганиб чиқилсин», деган мазмунда. Президентимиздан бошқа ҳеч кимдан умидим қолмади”, - деб Умри опа бўлиб ўтган барча воқеаларни сўзлаб берди.
У ердан чиқиб шаҳар марказидаги бозор ҳудудига бордик. Бузилган ҳудудни ўз кўзимиз билан кўрдик. Бозор маъмуриятидан изоҳ олишга уриндик. Улар ҳокимиятнинг чизган чизиғидан чиқмаслигини ва интервью бера олмасликларини таъкидлашди. Бозордан чиқиб, ҳокимият биносига бордик. Туман ҳокимининг ўринбосари Фазлиддин Камолиддинов билан шу масалага аниқлик киритдик.










