1980-йиллар охири... “Болам, тур ўрнингдан”, - деди онам. - “Тезда дўконга бориб, навбатни олгин. Ҳозир нон келади ва тезда тугаб қолади. Баъзи бир қўшниларимиз соат олтида чиқиб, навбат олишган. Ҳозир бормасанг, кеч қоласан. Мен ортингдан чиқаман”.
2018 йил. “Болам, ишдан чиқиб, маҳалла фуқаролар йиғинига бир ўтиб кел”, - деди онам. – “Ҳажга қачон кетаркинмиз, навбатимиз келдимикин? Мана, навбатга турганимизга ҳам 2 йил бўлиб қолди, кучдан ҳам қоляпман, оёғим оғрийди. Бир навбатни текшириб кел-чи”.
Орадан сал кам 30 йил ўтди. Ҳалиям онам навбат муаммоси билан юрибди. Унда нонга навбатга турардик, энди эса Ҳажга. Сочига оқ, юзига ажин тушган бечора онам. Нима қилайки, сизни Ҳажга жўнатсам. Мени кийинтирдингиз, едирдингиз, ўқитдингиз, уйлантирдингиз, ҳаттоки, ҳозир ҳам бир кунда 2-3 маротаба қўнғироқ қилиб турасиз. Мен эса сизни Ҳажга жўната олмайман.
Ўтган йили дўстим бир воқеани айтиб берди. Аллоҳнинг тақдири билан 2 йил олдин танишининг онаси вафот этибди.
Ўша куни уйига бордик. Жаноза ҳам ўтди. Танишим бир йиғлайди, бир йиғлайди. Шу орада унинг бир гапи миямда муҳрланиб қолди. У онасини Ҳажга жўнатмоқчи бўлган экан. Навбат келмай, мана вафот этибди. Унинг раҳматли онаси ҳаттоки пенсияни ҳам Ҳажга деб йиғиб юрган экан. Бечора, армони ичида қолди, деб воқеани айтиб берди дўстим.
Наҳотки, шу даражага етиб келдик?! Тўғрисини айтганда, бу биттагина воқеа эмас, чунки бундай ҳолатлар Ватанимизнинг кўплаб жойларида учраб туради. Қанчадан қанча одамлар ота-онасини Ҳажга жўната олмай, армон қилиб ўтиришибди. Бунинг ҳисоби борми?
Навбат ҳақида гапирар эканмиз, бу муаммо сифат ва хавфсизлик масаласи билан боғлиқ экан. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамовнинг таъкидлашича, «Ўзбекистонда Ҳаж ибодатига борувчилар учун квоталар кўпаймоқда, аммо сифат ва хавфсизлик масаласини ўйлаш керак».
Қўмита раисининг айтишича, ибодат қилувчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларга юқори сифат талабларига мос равишда хизмат қилиш - Ҳаж ибодати бекаму-кўст амалга оширилишида ёрдам беради.
«Квотани 20 минг киши учун ошириш мумкин, аммо ибодатни дуруст бажариш учун ўзига яраша амаллар бор, Исломда Ҳажга қадар фарз қилинган ибодатларни ҳам бажариш лозим», деди раис Халқаро пресс-клуб сессиястида.

















