​Бухоро вилоятига самолёт иллюминаторидан қарасангиз, кўплаб километрга ёйилган жонсиз чўл-у даштликларга гувоҳ бўласиз. Бироқ, бу фақат биринчи қарашдаги манзарадир. Аслида эса, қумликлар орасида ҳаёт гуркираяпти. Бу ерларда табиат ресурсларини ривожлантириш, улардан оқилона фойдаланиш орқали табиатни асраш ва қайта тиклаш, маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишга эришиш борасидаги салоҳият ва имкониятлар ниҳоятда каттадир.

16-17 май кунлари БМТ Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатдаги ваколатхонасининг Барқарор ривожланиш кластери ходимлари лойиҳанинг ҳудудлардаги ҳамкорлари билан биргаликда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманига сафар уюштириб, жойларда БМТТД/GEJ ва Ўзбекистон Республикаси Давергеодезкадастрнинг «Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларидаги суғорилмайдиган қурғоқчил ерларни рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш» лойиҳаси фаолияти натижалари билан танишишди.

Қишлоқдаги энг сердаромад оилавий тадбиркорлик турларидан бири иссиқхона хўжалигини юритишдир

Қоракўл тумани Чекирчи қишлоғида истиқомат қилувчи Замиранинг уч нафар фарзанди – иккита ўғли ва битта қизи бор. Турмуш ўртоғининг бевақт вафотидан сўнг унинг оиласи мушкул молиявий аҳволда қолиб кетди. Замира маҳаллий бозорда майда-чуйда сотиш билан шуғуллана бошлади.

Фото:  БМТ Ўзбекистон

Замиранинг қишлоқдошлари ўз томорқаларида асосан ем-хашак экинлари, сабзавотларни етиштиришади, токзор ва боғларини парваришлашади. Бироқ, ернинг шўрланганлиги ва сув танқислиги боис улар оладиган даромад катта эмас.

БМТТД мутахассислари Қоракўл тумани аҳолиси ўз томорқа ерларидан фойдаланишини атрофлича таҳлил қилиб, кейинчаликда томорқа ерлардан янада унумлироқ, самаралироқ фойдаланишни таъминлаш мақсадида баъзи хўжаликлардаги чорваларнинг сонини камайтириб, чорвачиликдан муқобил оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишга ўтиш ва шу орқали оила даромадини оширишга чақириш асносида таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқди.

Замирага тегишли бўлган томорқа ернинг бир сотих майдонида БМТТД ёрдамида иссиқхона барпо этилиб, мазкур иссиқхонадан савзавот, турли кўкатлар, цитрус меваларини етиштириш орқали барқарор даромад олиш йўлларини намойиш этиш учун фойдаланилади. Иссиқхонада помидор ва кўкат экилган экан. Иссиқхонани иситиш, уруғ ва кўчатлар, ўсимлик касалликларига қарши кураш ва бошқа воситаларни харид қилишга Замиранинг оиласи 700 минг сўм сарфлаган. Биринчи кўкат ва турли вақтда етиладиган помидор ҳосилини сотиш эвазига 300 минг сўм даромад олинган. Кўкат ва помидор ҳосилдорлиги ёмон эмас, экинлар ўз вақтида суғорилиб парваришланади. Замира ва унинг оиласи келаси йилда помидор ва бодрингнинг янада ҳосилдорроқ навларини экишни режалаштирган. Шуни айтиш жоизки, ушбу иссиқхона туфайли Замиранинг катта ўғли иш билан таъминланган.