Яқин келажакда Оролдаги экологик талофатни юмшатишга қаратилган аниқ тадбирлар ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари Борий Алихонов 8 июнь куни "Орол фожиаси асоратларини юмшатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион қарорлар ва инвестициялар" мавзуидаги халқаро конференция доирасида KUN.UZ мухбирига шу ҳақида маълум қилди.

"Орол бўйидаги экологик, иқтисодий, ижтимоий аҳволни яхшилашга қаратилган янги иш ўринларини ташкил этиш, Орол бўйи аҳолисининг бандлигини таъминлаш, саломатлигига эътибор бериш ва Орол бўйидаги аҳолининг энг асосий муаммоларидан бири бўлмиш инфратузилмани яхшилаш, экологик шароитини яхшилаш, ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилган аниқ лойиҳаларни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда", - дейди Алихонов.

Орол ҳақида кўп гапирилади, бу муаммо ҳақида билмаган одам бўлмаса керак, бироқ Орол талофатларини юмшатишга доир аниқ амалий қадамлар қўйилиши керак бўлган вақтда барча масалаларни қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Бу жуда муҳим масала. Сўздан амалий қадамларга ўтиш вақти келди.
Ўтган йили Ўзбекистон президенти томонидан Орол фожиаси асоратларини юмшатиш тўғрисидаги махсус қарор қабул қилинди. Замонамизнинг глобал экологик муаммосини ҳал қилишда халқаро ҳамжамият ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан бугунги конференция якунларига кўра, аниқ вазифалар белгилаб олинади.

"Яқин истиқболда Орол муаммоларини ҳал қилиш бўйича дастурий ҳужжатлар пакетини қабул қилиш ва уларни ечиш кўзда тутилмоқда. Орол бўйи аҳолиси минтақадаги экологик фожиа асоратлари юмшатилаётганини ҳис қилиши керак", - дейди Борий Алихонов.
Таъкидлаш жоизки, қачонлардир Орол дунёнинг катталиги бўйича тўртинчи денгизи ҳисобланган. У хилма-хил балиқларга бой бўлган. Бу ерда йиллик балиқ овлаш ҳажми 35 минг тоннага етган вақтлар бўлган. Денгизда 38 хил балиқ тури яшаган, булардан 20 хили эндемик турдаги балиқлар ҳисобланган.















