Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 18 апрель кунидаги 2898-сонли қарори асосида ҳамда мамлакатимизда жорий йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни  қўллаб-қувватлаш” йили деб эълон қилиниши муносабати билан Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан сайёр тергов ва суриштирув ўтказиш махсус автомашинаси ташкил этилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати хабар бермоқда.  

Қашқадарё вилоятининг ер майдони кенг, чўл ва тоғли ҳудудлардан иборатлиги, олис ҳудудлардан шаҳар марказигача 100, айрим аҳоли яшовчи қишлоғлардан эса 150 чақирим масофадан иборатлиги, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларни, процесс иштирокчиларини ортиқча оворагарчилик ҳамда турли ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудларнинг ўзида сайёр тергов ва суриштирув ўтказиш учун махсус автомашина ташкил этиш асос қилиб олинди.

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати
Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати

Автомашинага зарур бўлган барча эҳтиёт қисмлар ўрнатилиб, тўлиқ таъмирланди. Автомашина ички “салон” қисмида ўрнатилган ўриндиқлар олиб ташланиб, терговчи ҳамда процесс иштирокчилари ўтиришлари ҳамда тергов ҳаракатларини амалга ошириш учун юмшоқ мебель ва столлар ўрнатилиб мустаҳкамланди.

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати

Автомашина тўлиқ онлайн тизим асосида ишлаб, автомашина ичида ўтказилаётган тергов ҳаракатларни масофадан туриб исталган ҳудуддан  назорат қилиш ва кузатиш имконияти яратилган.

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати

Автомашина ички қисми тўлиқ ташқи шовқинларни камайтирувчи қопламалар билан қопланди (шум изолация), ички ва тепа қисмлари чарм билан ўралган.

Шунингдек, эксперт криминалист жавони ташкил этилиб, эксперт ходимлари томонидан бармоқ изини идентификация қилиш, тадқиқотлар ўтказиш учун зарур бўлган барча криминалистик анжомлар жойлаштирилиб, эксперт кириминалист ходимлар томонидан автомашина ичида дактолоскопия, трассалогия ҳамда хатшуностлик экспертизалар ўтказиш ва хулосалар тайёрлаш имконияти ва шароитлар яратилган.