Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир «Йўл харитаси» муҳокама қилинмоқда.
Norma’нинг ёзишича, лойиҳада қуйидагиларнинг қонуний жиҳатдан мустаҳкамланиши назарда тутилмоқда:
• кундалик турмушда Интернет аҳамияти тобора ошиб бораётганлигини инобатга олган ҳолда товар белгилари «машҳурлиги»нинг аниқ мезонлари;
• интеллектуал мулк объектлари (товар белгиси, саноат намунаси ва б.) инсофсиз равишда рўйхатдан ўтказилиши тушунчаларининг мустаҳкамланиши;
• товар белгисидан мақсадли фойдаланишни назарда тутган ҳолда у қўлланадиган аниқ ҳолатларнинг белгиланиши.
Интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш ва жиноий жавобгарликни жорий этиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Патент ишончли вакиллари институтини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Бунда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий таъминлаш тизими, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби такомиллаштирилади.
2019 йил 1 январдан патент божлари ва тўловларининг амалдаги ставкалари, шунингдек товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товарлар келиб чиққан жойлар номи ва саноат намунасини ҳуқуқий муҳофаза қилганлик учун норезидентлардан ундириладиган индивидуал божлар камида икки баравар пасайтирилиши режалаштирилмоқда.
Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун буюртманомаларни фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали электрон тарзда тақдим этиш тартиби жорий этилиши назарда тутилган.
Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини такомиллаштириш режалаштирилган.
Тошкент давлат юридик университетида интеллектуал мулк кафедрасини очиш режалаштирилмоқда.
Олий суд ҳузурида Патент суди фаолиятини ташкил этиш масаласи ўрганиб чиқилади.
















