Ўзбекистон | 17:57 / 21.06.2018
9142
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда пала-партиш қурилишларга чек қўйилади: шаҳарнинг бош режаси концепцияси ишлаб чиқилади

Фото: KUN.UZ

Самарқанд шаҳар ҳокимлигида шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов, Самарқанд Давлат архитектура-қурилиш институтининг ректори ҳамда профессор ўқитувчилари, шаҳар архитектори ва журналистлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов кейинги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда шаҳарда олиб борилаётган қурилиш ишларида белгиланган қурилиш ва архитектура меъёрларида четланишлар юз бераётгани ҳақида ўринли чиқишлар бўлаётгани, маданий мерос объектларига зарар етказган ҳолда қурилаётгани ҳақида гапириб ўтди.

Айни кунда бундай қурилиш ишлари якуний экспертиза ўтказиш учун тўхтатиб қўйилгани қайд этилди.

Вилоят маданий мерос объектларини муҳофаза этиш инспекцияси раҳбари Майсара Набираеванинг айтишича, шаҳарнинг ўрта асрларга оид ва европача маданий қисмига яқин буфер зоналарида олиб борилаётган кўп қаватли турар жойлар қурилишига инспекция томонидан берилган тавсиялар қўпол равишда бузилгани, бу борада инспекция прокуратура органларига йил бошидан буён 29 бор мурожаат қилганини айтиб ўтди.

«Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев ҳам қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда яшовчи фуқаролардан норозилик мурожаатлари кўплаб тушаётгани, қурилишни олиб бораётган фирмалар ва ҳокимликнинг мутасаддилари ушбу муаммони ечишда очиқ бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов Самарқанд шаҳрининг айни дамда яроқли бош режасининг ўзи йўқлигини айтиб ўтди. Самарқанд давлат архитектура қурилиш институти ректори Султон Аҳмедов замонавий шаҳарсозлик талабларига асосланиб, шаҳарнинг бош планини яратиш концепциясини ишлаб чиқиш кераклигини айтиб ўтди.

Шаҳар ҳокимининг айтишича, шаҳарда ЮНЕСКО маданий мероси объектлари сифатида тан олинган объектлар жуда кўп, уларни авайлаб асраш, мавжудларини инвесторларга бериш устида оқилона иш олиб борилиши лозим.

Йиғилишда қатнашган СамДАҚИ профессор-ўқитувчилари  А.Ўролов, Ш.Очилов, Ҳ.Қаюмов, М.Хидиров, Р.Авазов Самарқанд шаҳрининг сўнгги бош режаси 1990-2005 йиллар учун яратилганлиги, айни пайтда актуал бош режанинг ўзи дарҳақиқат йўқлиги, қурилиш ишлари қайси режага асосан олиб борилаётганлиги номаълумлигини қайд этиб ўтишди.

Очиқ мунозара руҳида ўтган йиғилишда Самарқанд шаҳрининг камида 2035 йилгача бўлган даврини қамраб оладиган бош режаси концепциясини ишлаб чиқиш ва бош режани тузиш учун самарқандликларнинг фикри сифатида ТошБошПланЛИТИга тақдим этиш лозимлиги ва келгусида шаҳарда олиб борилаётган ҳар бир қурилиш ва реконструкция ишлари ўша бош режага асосан олиб борилиши кераклиги ҳақида якдил хулосага келишди.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбир

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид