Сўнгги вақтларда Ўзбекистон дунёга очилиб бормоқда. Ички ва ташқи сиёсатини шаффофлаштириш борасида қадам қўймоқда. Бундан ташқари давлат раҳбари сиёсий иродасининг амалий намунаси ўлароқ хорижий мамлакатларга чиқиб кетган ва у ерларда ишлаётган ўзбекистонликларни мамлакатга қайтаришга чорлашлар бир неча бор янгради.
Меҳнат муҳожирларининг шаънини тиклаш, уларнинг мажбур бўлгани сабабли хорижга кетганини тан олиш, Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси консуллик идораларининг хориждаги ватандошларга хизмат кўрсатишини кучайтириш, хорижда мусибатга учраган муҳожирларга ёрдам бериш кабилар шулар жумласидан. Дунё ҳамжамияти ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни эҳтиёткорлик билан бўлса-да, юқори баҳоламоқда. Қолаверса, хориждаги ўзбекистонликлар ўзбекистонлик эканликларидан фахр туйғусини туя бошлашди.

Бироқ айрим ҳолатларда яқин қўшни мамлакат, аниқроқ айтганда, энг кўп ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига эга бўлган Россия Федерациясида ўзбекистонликларга нисбатан жиддий чоралар кўрилмоқда. Федерал миграция хизмати томонидан амалга оширилаётган ишларга 2018 йилги Жаҳон чемпионати важ қилиб кўрсатилмоқда. Тозалаш тадбирлари давомида қўлга олинган меҳнат муҳожирлари ФМХнинг Вақтинчалик сақлаш марказларида бир неча ой, ҳатто йиллаб сақланмоқда.
Бундай дейишга асос бор, албатта. KUN.UZ Россиянинг Ростов шаҳридаги шундай марказлардан бирида қарийб 5 ой мобайнида сақланган ҳамда яқинда ватанга қайтиб келган меҳнат муҳожири билан учрашиб, Вақтинчалик сақлаш марказларидаги шарт-шароитлар, меҳнат муҳожирларининг ўзаро муомаласига доир тасаввурни шакллантиришга уриниб кўрди. Қуйида мазкур суҳбат эътиборингизга ҳавола этилади.
- Сиз Россияга кетиб, ишлаб, тақдир тақозоси билан муҳожирлар вақтинча сақланадиган жойда ҳам бўлиб, кейин ватанингиз Ўзбекистонга яқинда қайтиб келишга муваффақ бўлибсиз. Умуман, нима мақсадда, қандай режалар билан Россияга кетдингиз? Ниятларингиз амалга ошдими?
- Ўтган йили (2017 йил-таҳр.) баҳорда боргандим. Документ (ишлашга рухсат берувчи ҳужжат – патент назарда тутилмоқда) қилдим. Россияда документ қилиш ҳам жуда қиммат. Бу ишда ҳам посредниклар (воситачи) пайдо бўлгани учун кўп пул керак. Давлат белгилаганидан кўпроқ пул олишади. Топган пулингиз етмайди. Шу сабабли, кўп ўзбекистонликлар патентга тўламай қўйиб, ноқонуний ишлашни маъқул кўришади. Ишсизлик жуда кўп. Кўп муҳожирлар ноқонуний муҳожирликни ўзлари танлашмоқда. 80-90 фоиз муҳожирлар шундай бўлса керак, чамамда.



















