Туркиянинг Измир шаҳри суди президент Ражаб Тоййиб Эрдўған шаънига унинг президент сайловларидаги асосий рақиби Муҳаррам Инже тарафдорларининг 21 июндаги намойиши олдидан ҳақоратли сўзлар айтган 12 кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, ҳибсга олинганлар маст ҳолатда намойиш олдидан ресторанда Эрдўған номига ҳақоратли сўзларни ҳайқириб айтишган. Бу ҳолат видеоси ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган. Ҳибсга олинганларга юқори лавозимдаги мансабдор шахсларни ҳақорат қилиш айби қўйилган.

Туркия қонунларига кўра президентни ҳақорат қилганлик учун жарима ёки бир йилдан 4 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган. Мухолифат ҳукумат бу моддани Эрдўған сиёсатига қарши бўлганларга нисбатан қўллашда айблаб келади.