Жамият | 15:32 / 01.07.2018
31897
3 дақиқада ўқилади

Ўғли ва аёли оғир хасталиги сабаб чорасизлик кўчасига тушган Ота ҳикояси

Бу дунёда ҳеч бир инсон ёлғиз бирор ишни уддалай олмайди. Ёлғизлик фақат Аллоҳга хос. Ҳақиқий мўъмин банда қийинчиликлар келганда сабр қилади, хайрли инсонлар сабаб синовларни енгиб ўтади.

Kun.uz сайти хайрия акцияларини давом эттириб, Наманган шаҳрига ташриф буюрди.

Ўғлининг хасталиги туфайли ёрдамга муҳтож Мажидхон ака хонадонида бўлдик. Ушбу маҳалла гузарида электр жиҳозларини таъмирлаш билан шуғулланувчи Мажидхон ака икки фарзанди ва аёли билан яшаб келмоқда. Дард устига чипқон дегандек, Мажидхон аканинг турмуш ўртоғи хам айни кунда хаста. Жигар циррози касаллигининг сўнгги босқичида азоб чекмоқда. “Ўғлим Акмалхон операцияси учун тахминан 40-50 миллион сўм кетиши мумкин экан. Аёлимниям битта муолажасига 3-4 миллион кетаяпти. Битта дорисини ўзи 1 миллион атрофида. Уйимиз бир аҳволда, ҳамма нарсани олиб чиқиб сотиб бўлдик, сотадиган ҳеч нарсамиз қолмади. Ночор ҳолатга келиб қолдик” дея куюниб гапирди Мажидхон ака.

Мажидхон ака иккинчи ўғли Акмалхоннинг соғлиғидан хавотирда. 8-синф ўқувчиси бўлган Акмалхонга шифокорлар томонидан туғма юрак нуқсони ташхиси қўйилган. Яъни, клапанларининг кириш ва чиқиш жойларида тешиклари мавжуд бўлиб, қонни яхши ҳайдай олмаётган экан. Ҳозирги кунда ушбу касаллик туфайли боланинг бўйи, қўл ва оёқлари яхши шаклланмаган. Яхши қон айланмаслиги натижасида чап томон қўл ва оёғи қотиб қолган.

«Ўғлимни кўрсатмаган жойим қолмади. Тошкентга ҳам олиб бордим. Тошкент Педиатрия Тиббиёт Институти (эски САМПИ) шифокорлари текширишди. Улар давоси фақат операция дейишмоқда. Юрагидаги операцияни ўтказиб олсак, насиб бўлса бўйи, қўл-оёқлари ҳам жойига келади. Керакли гормонлар, дориларни берамиз. Муҳими, операция қилиниши керак, дейишди. 15 июл куни Ҳиндистондан шифокорлар келишади. Улар билан маслаҳатлашиб шу ернинг ўзида ёки Ҳиндистонда операция амалга оширилади дейишди. Ҳаммаси моддий тарафга бориб тақалмоқда», дейди Мажидхон ака.

Мажидхон аканинг катта ўғли Маликхон билан ҳам гаплашдик. У ҳозирги кунда коллежнинг 3-курс талабаси бўлиб, ишлашга, отасига қарашишга мажбур.

Дарддан азият чекаётганига қарамай Акмалхон келажакка ишончини сўндирмаган. Унинг келажакдаги режалари жиноятчиликка қарши курашувчи, жамиятга содиқ ички ишлар ходими бўлиш экан.

Қолаверса отасига рўзғор ишларида хам ёрдам бермоқда. Экинлар парвариши, деҳқончилик ишларида кўмакдош. Айни кунда Акмалхонга хам унинг онасига хам тиббий муолажа ва парвариш керак. Оиланинг иқтисодий холати ночор.

Ушбу оиланинг бошдан ўтказаётган синовли кунларида кўмакдош бўлайлик. Хайрли амалларимизни савобларимиз ададини кўпайтирайлик. Шояд жамиятимиз яна бир соғлом ва бахтли оилага кўпайса.

Хайрия қилмоқчи бўлган савобталаб инсонлар учун қўшимча маълумотлар: 

Акмалхоннинг отаси Мажидхон Шарипбаевнинг номига очилган пластик карточка:

Click/PayMe: 8600 0423 8930 9443

Телефон: (91) 366-03-71

Мавзуга оид