Ўзбекистон | 11:05 / 06.07.2018
39919
2 дақиқада ўқилади

RAVON июнь ойида Россияда бирорта ҳам автомобиль сотмади

Фото: Asia-Plus

Ўзбекистоннинг RAVON автомобиль бренди Россияда 2018 йил июнь ойида бирорта ҳам автомобиль сота олмади. Гарчи РФ автобозори ҳисобот ойида 10,8 фоизга ошган бўлса-да, шундай салбий ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда Европа бизнеси Ассоциацияси автомобиль ишлаб чиқарувчилари қўмитасининг янги ҳисоботида  маълум қилинган. 

Таъкидланишича, энг кўп сотилган янги енгил автомашиналарнинг барчаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларидир. Шу билан бирга, 2018 йил июнь ойида автомобиллар савдосининг 10,8 фоизга ўсиши кузатилган. 2017 йилнинг шу даврига таққосланганда 15 261 дона автомобиль кўпроқ сотилган, жами 156 351тани ташкил этилган. 

Умуман, 2018 йилнинг январь – июнь ойларида жами 849 221 та автомобиль сотилган. 

Бироқ Ўзбекистоннинг RAVON бренди Россия автобозорида ўз ўрнини йўқотган. У топ-25таликка ҳам кира олмаган. Ўтган йилнинг шу ойида компания Россияда 1 239 дона автомобиль сотишга муваффақ бўлган, 2018 йилнинг илк 5 ойи мобайнида жами 5 184та RAVON брендидаги машиналар сотилган эди.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид