Ўзбекистон | 10:10 / 06.07.2018
33387
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева каттақўрғонлик аёл иши бўйича судда аёл шаъни ҳимоя қилинишига ваъда берди

Фото: Халқаро Пресс клуб

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Каттақўрғонда ички ишлар ходими томонидан аёл киши таҳқирланганига яна бир муносабат билдирди.

«Ҳурматли юртдошлар! Самарқандлик синглимизга қилинган қўпол муносабатни мен аёл сифатида, Қўмита раҳбари сифатида кескин қоралайман. Шу кимсанинг жазоланиш жараёнини албатта шахсий назоратимга оламан. Суд жараёнида ҳам албатта вакилларимизнинг қатнашиб, Аёл шаънини ҳимоя қилинишини таъминлайман. Бундай ҳолат қайтарилмаслиги юзасидан ички ишлар вазирлиги билан музокаралар ташкил қилинишини маълум қиламан», — дейилади Норбоеванинг Facebook’даги саҳифасида қолдирилган постда.

Бундан аввалроқ Норбоева каттақўрғонлик аёл воқеасига муносабатида республика хотин-қизлар қўмитаси аёллар билан, у қандай хато қилиб қўйганидан қатъий назар, бундай муносабатда бўлишга мутлақо қаршилигини, қўмита шу аёлнинг муаммоси билан албатта шуғулланишини билдириб ўтганди.

4 июль куни интернетда Каттақўрғондаги воқеа видеосини тарқатди — унда Каттақўрғонда милиция ходими ўғирликда гумон қилинган бир аёлни қип-яланғоч ечинишга мажбур қилгани тасвирланганди. Ички ишлар ходими аёлни шу аҳволда кўчага ҳайдамоқчи бўлади ва бу жараённи видеога олади. Кейинроқ гумондор аёл қўйиб юборилган.

Аввалига Бош прокуратура матбуот хизмати Санъат Умаров ушлангани ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

«Бу — чидаб бўлмас ҳолат. Қандай лавозим ё унвонда бўлишдан қатъи назар бундай ҳаракатга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди», деганди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова.

Шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан бири Расул Кушербаев воқеага муносабат билдирди: ​«Улар ўғри деб гумон қилинган аёлни эмас, бутун бошли миллатни, халқни, давлатни ечинтирибдилар. Қонунларимизни, оримизни, эркак деган номимизни оёқости қилибдилар».

Энг охири бўлиб Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги баёнот берди. Унда каттақўрғонлик аёлнинг таҳқирланиши билан боғлиқ видеодаги «салбий ҳолатлар» вазирлик ходими томонидан содир этилганини тан олинган. Шу билан бирга Санъат​​ Умаров — ички ишлар органлари сафига тасодифан кириб қолган нопок ходимлигига урғу берилган. 

«Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан бундай салбий ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва ички ишлар органлари сафларини нопок, тасодифан кириб қолган ходимлардан тозалаш мақсадида, доимий равишда кескин чоралар кўриб борилади», — дейилади баёнотда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид