Ижтимоий тармоқларда шу йилнинг 3 июнь куни Самарқанд вилоят Каттақўрғон шаҳар ИИБ биносида жиноят-қидирув бўлими тезкор ходими Санъат Умаров томонидан дўқ ва ҳақоратлар остида қип-яланғоч ечинтирилган Н.Т. воқеаси жуда катта резонанс келтириб чиқарди.
Бунинг ортидан Бош прокуратура баёнот берди. Бош вазир ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева каттақўрғонлик аёлнинг таҳқирланишини қаттиқ қоралаб чиқди, судда аёл шаъни ҳимоя қилинишига ваъда берди
Бугун, 8 июль куни Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева Каттақўрғон туманидаги Н.Т. истиқомат қилувчи хонадонга келиб, шахсан ўзи унинг ҳолидан хабар олди. Аёлга юпанч сўзларини билдириб кўнглини кўтарар экан, Танзила Норбоева бўлиб ўтган воқеа юзасидан ўз фикрларини баён этди:

— Президентимиз томонидан ҳуқуқ-тартибот органлари олдига фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шаффофликни таъминлаш борасида жуда катта вазифаларни қўйган. Ислоҳотлар бошланганига ҳали кўп вақт бўлмади. Ички ишлар органлари тизимида ҳам битта-яримта ўз касбига нолойиқ, нопок ходимлар бор. Ундайлардан батамом тозаланиш учун ҳам маълум бир вақт керак бўлади. Айни пайтда ички ишлар органларида ҳам ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қайғули воқеа юзасидан баёнот қилганимда, унинг умумий мазмуни контекстидан кесиб олиб, сўзларимни бошқача талқин қилганлар, мени танқид қилганлар ҳам учради.
Бу каби камчиликлар ҳамма тизимда бор, уларни бартараф қилиш устида иш олиб борилмоқда.
Санъат Умаров ҳақида гапирадиган бўлсам, мана шундай одамлар билан ишлайдиган касб соҳаларида ички ишлар, маҳалла органлари ходимлари пухта психологик тайёргарликдан ўтиши кераклиги ойдинлашаяпти.



















