Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Самарқанд вилоятига хизмат сафари чоғида ҳудуддаги мактаблар аҳволи билан танишар экан, тизимдаги муаммо ва камчиликларни аниқлади. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати Kun.Uz’га маълум қилди.
Вазир Самарқанд вилоятидаги мактаб таълими бўйича тизимли камчиликлардан ташвишга тушган. Маълум бўлишича, қатор мактаблар ачинарли аҳволда экани, 35-45 йиллар давомида капитал таъмирланмагани, жорий таъмир учун ҳам маблағлар чекланган миқдорда бир неча йил аввал ажратилган.
Халқ таълими вазирининг хизмат сафари давомида вилоят таълим соҳасида қуйидаги муаммо ва камчиликлар аниқланди:
1. Самарқанд вилоятидаги 18та мактаб тўлиқ реконструкцияга, 349та мактаб капитал таъмирга муҳтож.

2. 336та мактабда жисмоний тарбия дарсларини ўтиш ва ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланишлари учун спорт заллари мавжуд эмас.
3. 629та мактаб ҳудудининг атрофи ўралмагани натижасида ўқувчи-ёшлар хавфсизлиги етарлича таъминланмаган.
4. 474та мактабда таълим олувчилар сони мактаб сиғимидан 50 фоизга ортиқ. Бунинг натижасида ўқув жараёни икки навбатда ўтказилаётгани таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, Самарқанд шаҳрида кўп қаватли уйлар барпо этилаётганига қарамай, қўшимча мактаблар қурилмаган.

5. Аксар мактаблар фаолиятини тегишли даражада йўлга қўйиш учун оддий маиший шароитлар мавжуд эмас.

6. Чекка туманлардаги мактаблар филиаллари билан боғлиқ ишлар ёмон аҳволда. Филиал мақоми сабабли улар кўпинча капитал ва жорий таъмирлаш бўйича дастурлардан тушиб қолган.

















