11 ёшдан 16 ёшгача бўлган 12 нафар бола ва уларнинг мураббийи 23 июнда Таиланднинг энг шимолий нуқтасида жойлашган Тхам Луанг ғорига отланганди. «Ўрмон тўнғизлари» ўсмирлар футбол жамоаси аъзолари ғор ичига сайр қилиш учун кириб кетиб, кучли ёмғирлар оқибатида ғордан чиқиш йўллари сув остида қолгани сабабли у ерда қолиб кетишди.

Ғорга йўл олишдан олдин олинган сурат
Фото: AP

13 киши бедарак кетгач Таиланд армияси уларни қидириш учун сафарбар қилинди. Кўп ўтмай уларга Буюк Британия, АҚШ ва Хитойдан келган кўнгиллилар қўшилди, болаларни минглаб қутқарувчилар қидирди. Тез орада ғорга кириш жойида 11та велосипед ва мураббийга тегишли мотоциклни топишди.

9 кун ўтиб британиялик дайверлар (чуқурликдаги ғорларга тушиш билан шуғулланадиган мутахассис) Жон Волантен ва Ричард Стэнто ғор ичкарисида мураббий ва болалар жон сақлаётган нуқтага етиб боришди. Уларга кислород ва озиқ-овқат етказиб бера бошлашди, Таиланд ҳукумати эса ўсмирларни қандай чиқариб олиш ҳақида ўйлай бошлади.

Ғорга кириш
Фото: Sakchai Lalit / AP

Амалиёт 10 июль куни якунланди, ғордан шу куни охирги болакай ва 25 ёшли мураббий олиб чиқилди. Лекин бу вақт давомида қутқарувчилардан бири ҳалок бўлди, болаларнинг ҳаёти ҳам бир неча бор хавф остида қолди.

Ўсмирлар ғорда 4 ой қолиб кетиши ҳам мумкин эди

Ғор ичида топилган болалар
Фото: Tham Luang / AP

Гуруҳ жойи аниқланганида қутқарувчиларни уларни олиб чиқиш мураккабликлари ўйлантириб қўйганди. Бу чиндан осон эмасди: 9 кун давомида ғор ичида озиқ-овқатсиз ва ичимлик сувисиз қолиб кетган болаларнинг аксари суза олмас ва дармонсиз эди.

Бу ҳолда уларни олиб чиқиш уларнинг ҳаётига хавф туғдирарди. Чунки, ғор йўлакларини сув тўлдирган, 4 километрлик масофани тажрибали ғаввослар ҳам базўр босиб ўтарди. Болалар умумий узунлиги 7 километрлик ғорнинг ўртасидаги ҳаво бор бўлмасида жон сақлаб қолишганди.