Жаҳон | 18:50 / 18.07.2018
26233
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги намойишчилар «Ҳайратон» чегара портини ёпиб қўйди

Фото: Ariana News

Афғонистоннинг Фарёб провинциясидаги намойишчилар 18 июль куни Маймана шаҳрида жойлашган ҳукуматга қарашли бир нечта бинолар устидан назоратни қўлга киритганини эълон қилди. Намойишчиларнинг таъкидлашича, улар томонидан талаб этилаётган шартлар бажарилмагунча, ҳукуматга қарши ҳаракатлар давом этаверади. Бу ҳақда Tolonews​ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, намойишчилар шаҳардаги адлия, суд, қишлоқ хўжалиги, прокуратура бошқармалари биноларини эгаллаб олган. Аммо, ҳукумат расмийлар ушбу вазиятга изоҳ бермаяпти, шунингдек хабарларни тасдиқламаяпти.

Жунбиш ёшлар кенгаши аъзоси Гул Муҳаммад Аркиннинг айтишича, намойишчилар Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидан Балхдаги Ҳайратон портига етиб бориши учун фойдаланиладиган логистикани ёпиб қўйишган.

Ушбу намойишлар икки ҳафта аввал Фарёб провинцияси, Қайсар тумани Ички ишлар бошлиғи Низомиддин Қайсарининг қўлга олиниши билан бошланди. Намойишчилар мамлакат биринчи вице-президенти, генерал Абдурашид Дўстумга алоқадор, деб топилган полициячини озод қилинишини талаб қилмоқда.

Шу вақт оралиғида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Америка Қўшма Штатлари фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Леора Спратлен билан учрашди. Шунингдек, Иргашев Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Гунтер Оверфелд билан учрашди. Расмий ахборотга кўра, бўлиб ўтган суҳбат чоғида Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш ишига кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг амалий масалалари кўриб чиқилди.

Мавзуга оид