Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятига доир танқидий йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоятнинг айрим ҳудудларида ҳуқуқ-тартибот идоралари кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар қаттиқ танқид қилинди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатмасига мувофиқ, Бош прокурор ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши асосида Ички ишлар вазири П.Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд вилоятида жорий йилнинг 13-17 июль кунлари ички ишлар органлари фаолиятининг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга мувофиқ ташкил этилганлигига баҳо бериш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Вазир бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятининг барча шаҳар-туманлари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматларининг ходимлари билан бирма-бир суҳбатлашиб, уларнинг хизмат фаолиятини атрофлича кўриб чиқди.

Вилоятда ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиш ҳамда вужудга келган салбий вазиятни зудлик билан бартараф этиш мақсадида шу йилнинг 17 июль куни вилоят Ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири П.Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Кун тартибидаги масала юзасидан айрим ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар билан мулоқот қилишдаги ноўрин хатти-ҳаракатлари, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ва бепарволиги ҳамда қўл остидаги ходимлари устидан кунлик назоратни лозим даражада ўрнатмаганликлари оқибатида тизимли камчиликларга йўл қўйилаётганлиги ва бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши, бундай ҳолат муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотларнинг пировард мақсадларига мутлақо жавоб бермаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.